Самарқандда бўлиб ўтган халқаро форум хорижий нашрлар эътиборида
Жамият саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солаётган трансчегаравий гиёҳвандликка қарши курашда халқаро ҳамкорликнинг янги даври бошланди. Самарқанд яна бир муҳим глобал чақириққа ечим топишга хизмат қилган анжуманни қабул қилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш йўлидаги ҳамкорликни устувор вазифа деб билади.
ШҲТ Бош котиби Нурлан Ермекбаев бу ҳақда 20 апрель куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган "Жамият саломатлиги ва хавфсизлиги учун трансмиллий гиёҳванд моддалар таҳдидларига қарши курашиш" халқаро форуми доирасида бўлиб ўтган ялпи мажлисда маълум қилди.
Туркиянинг “Anadolu” агентлиги мазкур йирик анжуман ҳақида мақола эълон қилди.
Муаллиф гиёҳванд моддаларнинг трансмиллий даражадаги таҳдидига қарши курашиш борасида Ўзбекистон амалга ошираётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтган. Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда 30 мамлакатнинг 500 дан зиёд вакили, жумладан ЖССТ, Жаҳон божхона ташкилоти, ЕХҲТ, каби нуфузли халқаро тузилмалар масъуллари иштирок этгани қайд этилган.
Анжуманда ШҲТ Бош котиби йиғилиш иштирокчиларини ташкилотнинг тегишли механизми ва ушбу соҳада қабул қилинган меъёрий ҳужжатлари билан таништирди.
Тузилиши режалаштирилган ихтисослаштирилган доимий орган – ШҲТ Гиёҳвандликка қарши кураш марказининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. Тузилманинг вазифаси сифатида аъзо давлатлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида самарали таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий чоралар қабул қилиш экани кўрсатиб ўтилди.
Ермекбаев ШҲТ доирасида фаолият юритувчи гиёҳвандликка қарши агентликлар ўртасидаги уч босқичли ҳамкорлик механизми, шунингдек ҳар йили БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси фаолияти доирасида ўтказиладиган қўшма тадбирлар ҳақида ҳам сўзлаб берди.
Сунъий гиёҳванд моддалар ва янги психологик фаол моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш муаммоси долзарблиги, гиёҳвандликнинг айниқса аёллар, ёшлар ва бошқа заиф гуруҳлар учун хавфи ва оқибатига, шунингдек ушбу зарарли одатнинг олдини олиш, даволаш, реабилитация ва ижтимоий реинтеграция жараёнига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги эслатиб ўтилди.
Мақолада, давлатимиз раҳбарининг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригига ҳам тўхталиб ўтилган. Жумладан, табрикда Ўзбекистон гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашни умумхалқ ҳаракатига айлантиргани, барча куч ва ресурсларни сафарбар қилганига урғу берилган. Жумладан, Президентимиз табригидан қуйидаги иқтибос келтирилган:
– Бугунги кунда гиёҳванд моддалар савдоси трансчегаравий ва виртуал тус олмоқда, бу эса хавф ва таҳдидларни янада кучайтирмоқда. Жиноий гуруҳларнинг шифрланган алоқа каналлари, контактсиз мулоқот ва мураккаб молиявий воситалардан фойдаланиши, хусусан, биздан гиёҳвандликка қарши курашда замонавий ечимлар ва ёндашувларни қўллашни талаб қилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА