Тошкентда жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар кенгайтирилмоқда
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини янада самарали ташкил этиш бўйича янги босқич бошланди.
Пойтахтнинг бир қатор марказий кўчаларида автобуслар учун ажратилган «А» тоифасидаги махсус йўлакларга делиниаторлар ўрнатилмоқда. Мазкур чора жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш, тирбандликларни камайтириш ва минглаб йўловчилар учун тезкор ҳамда қулай транспорт тизимини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Хусусан, пойтахтнинг Magic City ҳудудидаги Фурқат кўчасидан Халқлар дўстлиги саройи атрофидаги Ислом Каримов кўчасигача бўлган йўл қисмида автобуслар учун махсус йўл чизиқлари чизилди. Шу билан бирга, ушбу йўлакни умумий транспорт оқимидан ажратиш учун делиниаторлар – жисмоний ажратувчи элементлар ўрнатилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ечим жамоат транспорти ҳаракатига ҳақиқий устуворлик бериш, автобусларнинг тирбандликларда қолиб кетишининг олдини олиш ва ҳаракат жадвалининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Халқаро тажриба нимани кўрсатмоқда?
Дунё амалиётида АҚШ, Испания, Буюк Британия, Сингапур, Австралия ҳамда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида автобуслар учун алоҳида йўлаклар кенг қўлланилади. Бу тизимлар жамоат транспорти ҳаракат тезлигини ошириш, кечикишларни камайтириш ва аҳолини шахсий автомобилдан кўра жамоат транспортидан фойдаланишга ундашда самарали восита сифатида баҳоланади.
Делиниаторларнинг ўрнатилиши эса мазкур йўлаклар самарадорлигини янада оширади. Улар бошқа транспорт воситаларининг автобус йўлагига ноқонуний кириб кетиш эҳтимолини камайтиради, тартибсиз қайта сафланишларнинг олдини олади ва ҳайдовчилар учун ҳаракат қоидаларини янада тушунарли қилади.
30 дан ортиқ кўчада янги йўлаклар ташкил этилади
Маълум қилинишича, жорий йил давомида Тошкентнинг 30 дан ортиқ кўчасида «А» тоифасидаги алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишларда делиниаторлар ва жамоат транспорти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа инфратузилма ечимлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Асосий мақсад – Тошкентда автобуслар ҳаракатини тезкор, барқарор ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган тизимга айлантириш.
Жамоат транспортига ҳақиқий устуворлик берилиши минглаб йўловчилар учун вақт тежалиши, қатнов қулайлигининг ошиши, шаҳар йўлларидаги юклама камайиши ва замонавий транспорт маданияти шаклланишига хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА