Тошкент вилоятида “Медиа ҳафталик” бошланди
Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида “Медиа ҳафталик” лойиҳасига старт берилди.
Очилиш маросимида ташкилотчилар томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби форум Тошкент вилояти медиа ходимлари тажрибасини ошириш учун самарали бўлиши таъкидланди. Қайд этилганидек, бугунги кунда ахборот оқими мислсиз даражада тезлашиб, глобал медиа маконида рақобат тобора кучайиб бормоқда. Бундай шароитда жамиятга тезкор, холис ва ишончли ахборот етказиш журналистлар, блогерлар ҳамда матбуот хизматлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Шу боис медиа соҳаси вакилларининг касбий маҳоратини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги медиа тенденцияларини чуқур ўзлаштириши муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, рақамли платформалар, сунъий интеллект воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири ортиб бораётган бугунги даврда соҳада фаолият юритаётган мутахассислардан юқори профессионаллик ва доимий ўз устида ишлаш талаб этилмоқда.

Ана шундай эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган навбатдаги “Медиа ҳафталик” медиа соҳаси ходимлари учун муҳим ўқув ва мулоқот майдони вазифасини бажаряпти. Ушбу платформа доирасида иштирокчилар замонавий журналистика, ахборот хавфсизлиги, контент яратиш, фактчекинг ва рақамли коммуникациялар бўйича билимларини бойитиш имконига эга бўлмоқда. Шу билан бирга, тадбир соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, муваффақиятли амалиётларни ўрганиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда инновацион ғояларни илгари суриш учун қулай муҳит яратади. Бу эса мамлакатимизда медиа соҳасининг янада ривожланиши, ахборот сифатининг ошиши ва жамоатчилик билан самарали мулоқотни таъминлашга хизмат қилади.
– Мазкур ҳафталикнинг биринчи куни ўқув машғулотлари доирасида ахборот хизматлари фаолиятига оид кўплаб билимларни олдим, –дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Элбек Шойимқудов. – Ҳар бир машғулот қизиқарли тарзда ташкил қилинган. Айниқса, ижтимоий масъулият, касб этикаси ва медиа қонунчилиги, ахборотни текшириш ва фактчекинг инструментлари каби мавзулар жуда қизиқарли бўлди. Бунинг учун бизга бириктирилган мутахассисларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Ҳафталик якунига қадар иштирокчилар томонидан ўзлаштирилган назарий билимлар ва амалий кўникмалар келгусида мамлакатимизда очиқлик, холислик ва профессионаллик тамойилларига таянган замонавий медиа муҳитини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади. Шунингдек, тадбир давомида орттирилган тажриба ва ўзаро мулоқотлар журналистлар, блогерлар ҳамда матбуот хизмати вакиллари фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Медиа ҳафталик 25 июнга қадар давом этади.
А.Мусаев, ЎзА