Лифтларнинг мувофиқлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Ҳар қандай технология инсон ҳаётини қулайлаштиришга хизмат қилиши табиий. Бироқ уларнинг хавфсизлигини ҳам кўздан қочирмаслик талаб этилади.
Шу мақсадда, “Лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг мувофиқлигини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
2026 йилнинг 19 июнида қабул қилинган ушбу Низом Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентда белгиланган лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг мувофиқлигини баҳолаш тартиб-таомилини белгилайди.
Низомга кўра, Миллий мувофиқлик белгисидан фойдаланишга доир қонунчиликда белгиланган талаб ва шартлар бажарилган тақдирда, Миллий мувофиқлик белгисини қўллашга рухсат этилади.
Лифт хавфсизлик қурилмасига Миллий мувофиқлик белгиси қуйидаги мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларининг бирида иштирок этган тайинланган органнинг реестридаги хос рақами билан бирга туширилиши керак:
Лифт хавфсизлик қурилмасининг тасдиқланган турига нисбатан мувофиқ эканлигини кафолатловчи сифат тизими мавжудлигини маъқуллаш;
Лифт хавфсизлик қурилмасини ишлаб чиқаришда сифатни кафолатловчи кенг қамровли сифат тизимининг мавжудлигини маъқуллаш;
Лифт хавфсизлик қурилмасининг тасдиқланган турига нисбатан мувофиқ эканлигини номуайян вақт оралиқларида баҳолаш.
Тайинланган орган ўтказилган баҳолаш, текшириш ва синашлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уларнинг натижалари қайд қилинган баҳолаш ҳисоботини расмийлаштиради.
Асосий хавфсизлик талабларига лифтнинг мувофиқлиги тасдиқланган тақдирда, тайинланган орган ўтказилган синов натижаларига асосланган мувофиқлик сертификатини расмийлаштиради.
Шербек Исломов, ЎзА