Тошкентда Россия олий таълим муассасалари кўргазмаси бўлиб ўтди (+видео)
Бугунги кунда ёшлар учун хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш, замонавий касб ва мутахассисликларни эгаллаш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Бу борада таълим кўргазмалари абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига университетлар, таълим дастурлари ҳамда қабул шартлари ҳақида бевосита маълумот олиш имконини бериши билан аҳамиятли.
Жорий йилнинг 25-26 сентябрь кунлари Тошкентда Россия олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларига бағишланган “Россия таълими. Тошкент - 2026” халқаро таълим кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Россиянинг 40 дан ортиқ олий таълим муассасаси иштирок этиб, ўз таълим дастурлари ва абитуриентлар учун яратилаётган имкониятларни тақдим этди.
Тадбир “Россотрудничество”нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасидаги Россия Федерацияси элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кўмагида ташкил этилди.
“Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская қайд этганидек, бугунги кунда таълим кўргазмалари ёшларни хорижий олий таълим муассасалари билан таништириш, уларга мавжуд таълим йўналишлари ва қабул имкониятлари ҳақида бевосита маълумот беришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
– Бу йил кўргазмада техник ва гуманитар йўналишдаги олий таълим муассасалари билан бир қаторда тиббиёт ҳамда ижодий соҳаларга ихтисослашган университетларга ҳам қизиқиш юқори бўлди. Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети, И.М.Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети, С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) ва Россия театр санъати институти (ГИТИС) каби олий таълим муассасалари имкониятлари абитуриентлар эътиборини тортди.
Биз иқтидорли ва ижодкор ўзбекистонлик ёшларни Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олишга йўналтириш имкониятидан мамнунмиз. Бу ерда улар санъат, режиссёрлик, балет ва кино саноати каби соҳалар бўйича сифатли таълим олишлари мумкин.
Кўргазмада 40 дан ортиқ олий таълим муассасаси иштирок этди. Тадбир доирасида университетлар ва абитуриентлар ўртасида бевосита мулоқот йўлга қўйилиб, ёшларга ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкони берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида ота-оналар учун алоҳида учрашув ташкил этилди. Унда Россияда таҳсил олиш билан боғлиқ нафақат таълим, балки яшаш, миграция талаблари ва кундалик ҳаётга оид масалалар бўйича ҳам тушунтиришлар берилди. Университет вакилларига абитуриентларни қизиқтирган саволларга очиқ ва батафсил жавоб бериш тавсия этилди, – деди И.Старосельская.
Юрий Гагарин номидаги Саратов давлат техника университети вакили Алексей Казинский бундай кўргазмалар ёшларга Россия олий таълим муассасалари, таълим дастурлари ва қабул шартлари ҳақида бевосита маълумот олиш имконини беришини қайд этди.
– Биз Поволжедаги етакчи техника олий таълим муассасаларидан бири бўлган Саратов давлат техника университети имкониятларини тақдим этдик. Бакалавриат ва магистратура босқичларида кўплаб таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади.
Бундай кўргазмалар, айниқса, бепул таълим олишни истаган ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга. Улар Россиянинг етакчи университетлари, жумладан, квота асосида бепул таҳсил олиш имкониятлари, таълим дастурлари ва қабул шартлари ҳақида батафсил маълумот олишлари мумкин.
Россияда таълим тизими жадал ривожланмоқда. Университетларнинг моддий-техника базаси янгиланиб, малакали ўқитувчилар таркиби шаклланмоқда. Таълим жараёни эса амалиётга йўналтирилган тайёргарлик билан бойитилмоқда.
Кўргазма яхши ташкил этилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Тадбир давомида ёшлар билан мулоқот қилиш ва уларни университетимиздаги таълим имкониятлари билан таништириш биз учун муҳим бўлди, – деди у.
Таъкидлаш жоизки, икки кун давом этган кўргазма абитуриентлар учун Россияда таҳсил олиш имкониятлари, таълим дастурлари ва қабул шартлари ҳақида бевосита маълумот олиш, университет вакиллари билан мулоқот қилиш учун қулай майдонга айланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видеомонтаж), ЎзА