Тошкентда Европа тиллари куни: тил, маданият ва мулоқот майдони
Тил нафақат мулоқот воситаси, балки турли халқлар ва маданиятларни бир-бирига яқинлаштирувчи муҳим кўприкдир. Шу мақсадда Тошкентда Европа тиллари куни муносабати билан тил ўрганиш, маданий алмашинув ва турли мамлакатлар билан яқиндан танишишга бағишланган тадбирлар ташкил этилади.
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни ўтказиладиган “Европа тиллари куни 2026” тадбирлари доирасида Европа Иттифоқи, дипломатик ваколатхоналар, маданий ташкилотлар, университетлар, талабалар, тил ўрганувчилар ва кенг жамоатчилик иштирокида кун давомида турли интерактив дастурлар бўлиб ўтади.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида турли тилларнинг она тили вакиллари қўшиқлар, иборалар, сўзлар ҳамда интерактив таълим машғулотлари орқали иштирокчиларни Европа тиллари билан таништиради.
– Европа тиллари куни турли тилларни ўрганиш ва Европа халқларининг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш учун яхши имконият яратади. Бундай тадбирлар натижасида ёшлар ва тил ўрганувчилар нафақат янги сўз ва ибораларни ўзлаштиради, балки турли маданият вакиллари билан мулоқот қилиш, янги дўстлар орттириш ҳамда маданий алмашинувда иштирок этиш имконига эга бўлади. Тиллар ўртасидаги хилма-хиллик эса халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ахборот хизмати раҳбари Малика Мусаева.
Шунингдек, тадбир доирасида Тиллар ярмаркаси ташкил этилади. Унда турли мамлакатларга бағишланган стендларда ўйинлар, викториналар, маданиятга оид маълумотлар ҳамда Европа тиллари билан яқиндан танишиш имкониятлари тақдим этилади.
“SpeakEasy Night” дастури доирасида қисқа метражли фильм намойиши ва муҳокамаси, тил столлари, интерактив ўйинлар, тезкор танишув ва маданий алмашинув тадбирлари ўтказилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА