Тошкент шаҳри таълим хизматлари ҳажми бўйича республикада етакчи
Ўзбекистонда таълимга бўлган талаб юқори даражада бўлиб, бу кўрсаткич йилдан-йилга мунтазам равишда ўсиб бормоқда. Бунинг асосий сабаблари мамлакатдаги кучли демографик ўсиш, ёшлар улушининг кўплиги ва меҳнат бозорида сифатли кадрларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 23,8 триллион сўмни ташкил этди.
Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,7 фоизга кўп. Ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади — ушбу давр мобайнида пойтахтда таълим хизматлари ҳажми 12,7 триллион сўмга етди.
Бу республика бўйича жами таълим хизматларининг қарийб 53 фоизи демак. Бу натижа пойтахтда таълимга бўлган талабнинг юқорилиги, сифатли билим ва замонавий таълим хизматларига қизиқиш тобора ортиб бораётганини яққол кўрсатади. Бугун Тошкент нафақат иқтисодий ва ишбилармонлик маркази, балки таълим имкониятлари энг кенг жамланган, билим ва инсон капиталига талаб энг юқори бўлган ҳудуд сифатида етакчилик қилмоқда.
Г.Бобоева,
ЎзА