“Ақлли тармоқ” – "Smart Grid" жорий этилмоқда
– Фарғонада электр тармоқларини рақамли мониторинг қилиш бўйича янги амалиёт жорий этилмоқда. Бу Президентимиз томонидан энергетика тизимида рақамлаштириш ва замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалий ифодасидир, – дейди Фарғона вилоят электр тармоқлари бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Абдувоҳид Турдиев.
– Хусусан, Фарғона туманидаги 10 кВли “Шифохона” электр узатиш тармоғига янги авлод “CBGZ-3000 Digital Fault Indicator Monitoring System” қурилмаси ўрнатилди. Мазкур технология Ўзбекистонда илк бор амалиётга жорий этилмоқда.

Рақамли мониторинг тизими электр тармоғидаги носозликларни тезкор аниқлаш ва уларнинг жойлашувини белгилашга ёрдам беради. Бу эса авария жойига бригадаларни тезроқ йўналтириш, носозликларни бартараф этиш ва электр таъминотини тиклаш муддатини қисқартириш имконини беради.

Натижада вақт, ёқилғи ва меҳнат ресурслари тежалади, транспорт қатновлари оптималлашади. Электр таъминотидаги узилишлар вақтини қисқартириш эса аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Фарғона туманида бошланган ушбу тажриба келгусида бошқа электр тармоқларига ҳам жорий этилиши, уларни “ақлли тармоқ” – “Smart Grid” тамойиллари асосида ривожлантириш кўзда тутилган.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА