Тошкент метросидан фойдаланувчилар сони кескин ошган
Жамоат транспортига, хусусан, Тошкент метрополитени хизматларига бўлган талаб изчил ортиб бормоқда.
Йўловчилар оқимининг ўсиб бориши муносабати билан метрополитен томонидан йўловчиларга қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш, шунингдек, поездлар ҳаракатини йўловчилар оқимига мос равишда ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, жорий йил 21 сентябрь куни Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш бўйича навбатдаги рекорд кўрсаткич қайд этилди. Шу куни метрополитен хизматларидан жами бўлиб 1 181 581 нафар йўловчи фойдаланди.
Таъкидлаш жоиз, бундан аввалги энг юқори кўрсаткич 2026 йил 14 сентябрь куни қайд этилган бўлиб, ўша куни метрополитен хизматларидан 1 165 550 нафар йўловчи фойдаланган. Янги кўрсаткич аввалги рекорддан 16 031 нафарга кўп.
Мутахассислар томонидан олиб борилаётган мониторинг ва таҳлиллар йўловчилар оқимининг ўсиш тенденцияси давом этаётганини кўрсатмоқда. Мавжуд кўрсаткичлар асосида, октабр ойида метрополитенда бир кунда ташиладиган йўловчилар сони 1,2 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Шу муносабат билан, аввал хабар берилганидек, Тошкент метрополитенида 1 200 000-йўловчини алоҳида аниқлаш ҳамда унга махсус имтиёз ёки совға тақдим этиш ташаббуси режалаштирилган. Мазкур тадбир йўловчилар учун ўзига хос рағбатлантирувчи ва рамзий воқеа сифатида ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Хусусан, 2026-йил давомида харид қилиниши ва Тошкент метрополитенига етказиб берилиши режалаштирилган 14 та замонавий ҳаракат таркибининг барчаси вагонлар паркига олиб келинди. Янги поездлардан йўловчиларга янада қулай, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишда самарали фойдаланилмоқда. Йўловчилар сонининг изчил ортиб бораётгани Тошкент метрополитенининг шаҳардаги жамоат транспорти тизимида тутган ўрни тобора муҳимлашиб бораётганини кўрсатмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА