Тўқсонбости — эрта ҳосил ва қўшимча даромад манбаи
Тошкент вилоятида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳоли томорқалари ҳамда деҳқон хўжаликларида бир майдондан йил давомида бир неча марта ҳосил олиш, эрта баҳорда бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида тўқсонбости экинларини экиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ, 2027 йил ҳосили учун вилоят бўйича жами 11 минг 911 гектар майдонда тўқсонбости усулида ва август-сентябрь ойларида кузги экинлар экилиши белгиланган. Мазкур ишлардан кўзланган асосий мақсад — ердан унумли фойдаланиш баробарида эрта баҳорда аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштириш ҳажмини оширишдан иборат.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида келгуси йилнинг эрта баҳорида 288 минг 210 тонна сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши кутилмоқда. Режага кўра, мазкур майдонларнинг 3 минг 994 гектарига пиёз ва саримсоқпиёз, 1 минг 357 гектарига сабзи, 2 минг 603 гектарига карам турлари, 2 минг 964 гектарига кўкатлар экилади.

Бу борада фуқароларга ажратилган ижара ерларидан ҳам самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, аҳолига ажратилган 18 минг 899 гектар ижара ерларининг 7 минг 64 гектарида тўқсонбости экинлари экилади. Мазкур йўналишда Бекобод, Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ туманларида ишлар жадал олиб борилмоқда.
Айнан тўқсонбости экинларини экишда нафақат майдонларни кенгайтириш, балки агротехник талабларга риоя қилиш, уруғлик ва кўчатларни ўз вақтида тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Бекобод туманидаги “Абдувафо” фермер хўжалиги дала майдонида қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирокида илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда экин турларини тўғри танлаш, ер майдонларини экишга тайёрлаш, уруғликни саралаш, экиш муддатлари ва меъёрлари, шунингдек, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалалари бўйича мутахассислар томонидан амалий тавсиялар берилди.

Тадбирнинг амалий қисмида сабзавот экинларини экиш технологияси бевосита дала шароитида намойиш этилди. Фермерлар экинларни жойлаштириш, уруғликни меъёрида сарфлаш ва экиш жараёни билан танишди. Шунингдек, иштирокчилар ҳосилдорликни ошириш, ер унумдорлигини сақлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан мутахассислардан зарур тавсиялар олди.
Вилоятда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида маҳалла ва хонадонларни муайян экин турларига ихтисослаштириш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Бу жараёнда аҳолига кафолатланган уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, суғориш суви билан узлуксиз таъминлаш ҳамда етиштирилган маҳсулотни экспортёрларга бириктириш чоралари кўрилмоқда.
Тошкент туманида ҳам 2027 йил ҳосили учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, 451 гектар ерда тўқсонбости экинларини экиш, октябрь ойида 450 гектар майдонда дуга усулида помидор, бодринг ва картошка экиш, шунингдек, кўчатлар ва моддий ресурслар захирасини олдиндан шакллантириляпти. Ҳудуд масъуллари такрорий экинлардан бўшаган майдонларни пешма-пеш тайёрлаб бориш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ва экин майдонларида дала маданиятига қатъий риоя қилиш бўйича деҳқонларга тегишли кўрсатмалар бермоқда.

Бундан ташқари, Сув хўжалиги вазирининг топшириғи асосида Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Долзарб 5 кунлик” тадбирлари доирасида ҳам сув хўжалиги объектлари атрофидаги мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида сув хўжалиги тизимига қарашли ҳудудларда тўқсонбости экинларини экиш учун ер майдонларини тайёрлаш, ободонлаштириш ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ишлари давом эттирилмоқда.
Хусусан, Оҳангарон-Далварзин ИТБга қарашли Шимолий тармоқ “Сувчилар уйи” ҳудудида тўқсонбости экинларини экиш учун ер тайёрлаш ишлари бошланди. Ерлар юмшатилиб, экишга тайёр ҳолатга келтирилмоқда. Юқори Чирчиқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ҳовлисида ҳам саримсоқпиёз экиш учун ер тайёрланди. Паркент тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида эса 35 нафар ходим меҳнат қилаётган бўлиб, муассасанинг 40 сотих томорқасида саримсоқпиёз, кўкпиёз ва исмалоқ каби экинлар экилган.
– Бундай экинларнинг афзаллиги шундаки, бир томондан, ердан самарали фойдаланиш имконини берса, иккинчи томондан, қўшимча маҳсулот ва даромад манбаини яратади. Насиб қилса, маҳсулотларимиз етилиб, даромад олингандан сўнг ишчи-ходимларни рағбатлантиришга йўналтирамиз. Бу орқали ҳам ердан унумли фойдаланамиз, ҳам жамоамиз аъзоларини қўллаб-қувватлаймиз, – дейди Юқори Чирчиқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси раҳбари Толиб Салимов.
Умуман олганда, ҳудуд бўйича бу каби саъй-ҳаракатлар орқали эрта баҳорда бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш, ички бозорда барқарорликни сақлаш ва экспорт учун қўшимча маҳсулот базасини шакллантириш имкони яратилади. Бир қарич ернинг ҳам эътибордан четда қолмаслиги эса бугунги шароитда нафақат қўшимча ҳосил, балки қўшимча даромад ва озиқ-овқат барқарорлигининг муҳим омилидир.
А.Мусаев, ЎзА