Ўзбекистоннинг 9 та санъат асари Санкт-Петербургда намойиш этилди
Санкт-Петербургдаги Фаберже музейида “Замин муҳаббати ва самовий муҳаббат. Владимир ва Константин Маковскийлар” номли кўргазма ўз ниҳоясига етди.
Санъат ихлосмандлари учун ташкил этилган мазкур йирик экспозицияга жами 210 717 нафар томошабин ташриф буюрди.
Кўргазмада Россия тасвирий санъатининг машҳур намояндалари Владимир ва Константин Маковскийларнинг ижоди билан бир қаторда турли музейлар коллекцияларида сақланаётган ноёб санъат асарлари ҳам намойиш этилди. Экспозиция санъат асарларининг бадиий қиммати, тарихий аҳамияти ва уларни асраб-авайлаш масалаларига эътибор қаратилиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Кўргазманинг муҳим қисми Ўзбекистон Давлат санъат музейи коллекциясига мансуб асарлардан ташкил топди. Экспозициядан мазкур музей фондида сақланаётган тўққизта санъат асари ўрин олди. Уларнинг саккизтаси кўргазмага тайёргарлик жараёнида махсус реставрациядан ўтказилди.
Бу жараён асарларнинг нафақат бадиий қиёфасини тиклаш, балки уларни халқаро кўргазма талабларига мувофиқ ҳолда намойиш этиш учун зарур шароит яратишга хизмат қилди. Ўзбекистон музей коллекциясига кирувчи асарларнинг хорижий кўргазмада кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани мамлакатимиз маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Кўргазманинг катта қизиқиш уйғотгани унинг ташриф буюрувчилар сонида ҳам яққол намоён бўлди. 210 мингдан ортиқ киши ташриф буюргани мазкур экспозиция санъат аҳли ва кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотганидан далолат беради.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўргазмани ташкил этиш ва унинг муваффақиятли ўтишига муносиб ҳисса қўшган Фаберже музейи директори Владимир Воронченко, санъат ҳомийси Виктор Вексельберг, шунингдек, барча ҳамкорлар ва мутахассисларга самимий миннатдорлик билдирди.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон музейларида сақланаётган бебаҳо санъат асарларини халқаро майдонда намойиш этиш, уларнинг илмий ва бадиий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим лойиҳалардан бири бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА