Тиббий хизматлар нархлари нега қайта кўриб чиқилмоқда?
Рақобат қўмитаси томонидан 2026 йил апрель ойидан бошлаб Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар нархларининг қай даражада асосли шакллангани ўрганилмоқда.
Жорий йилнинг май ойига қадар 8 та республика ва ҳудудий илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган таҳлиллар давомида айрим ҳолатларда тарифларни белгилашда амалдаги талабларга тўлиқ амал қилинмагани маълум бўлди.
Жумладан, кардиология, кўз микрохирургияси, эндокринология, хирургия, урология, терапия ва тиббий реабилитация, она ва бола саломатлиги ҳамда дерматовенерология марказларида хизмат нархлари шаклланиш жараёнлари ўрганилди.

Дастлабки таҳлилларда айрим хизматлар қийматида иқтисодий жиҳатдан етарли асосланмаган харажатлар ёки белгиланган тартибдан четлашиш ҳолатлари кузатилган.
Шу муносабат билан мазкур марказларга тарифларни амалдаги қоидалар асосида қайта шакллантириш ва нархларни мақбуллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, бу каби ўрганишлар аҳоли учун тиббий хизматлар нархининг асоссиз ошишининг олдини олиш, адолатли нарх сиёсати ва тизимда шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, таҳлиллар якуни бўйича соҳада тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилиб, ваколатли давлат органларига киритилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА