Буюк Британия билан муҳим ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Буюк Британиянинг “UK Export Finance” ташкилотининг бош ижрочи директори Тим Рид ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“UK Export Finance” ташкилоти Буюк Британиянинг экспорт кредит агентлиги бўлиб, Британия компанияларининг халқаро миқёсдаги фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Ташкилотнинг асосий вазифаси – Британия товарлари ва хизматларини хорижга экспорт қилувчиларга кредитлар, молиявий кафолатлар ва экспорт кредитларини суғурталаш хизматларини тақдим этиш.

Мулоқотда Тошкентда инфратузилма лойиҳаларини, хусусан, қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш заводи қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар молиялаштиришнинг эҳтимолий механизмлари, лойиҳа муддатлари ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичлари юзасидан фикр алмашди.

Тошкент шаҳри ва “UK Export Finance” ўртасида шаҳар инфратузилмаси, барқарор ривожланиш ҳамда халқаро молиявий тажрибани жалб этиш соҳаларида келгуси ҳамкорлик учун қўшимча имкониятларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар пойтахтни ривожлантириш ва шаҳар муҳити сифатини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар юзасидан амалий мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА