“Янги Наманган шаҳарчаси”да замонавий иссиқлик тизими барпо этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги “Янги Наманган шаҳарчаси” ҳудудида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивини марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминлашга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 мартдаги “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳаётга татбиқ этилаётган мазкур лойиҳа аҳоли учун замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш, турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичида қуввати 25 мегаватт бўлган қозонхона қурилиши назарда тутилган. Бу мақсад учун 37,6 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунга қадар 22 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Айни пайтда қозонхона биноси қурилиши якунланиш арафасида. Шунингдек, 2,5 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари ҳам тортилди.
Жорий йил якунига қадар лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 48 та кўп қаватли уйдаги 6500 хонадон, 3 та олий таълим муассасаси, 2 та махсус ихтисослаштирилган мактаб, 1 та соғлиқни сақлаш муассасаси ҳамда бошқа ижтимоий объектларни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш режалаштирилган.
[gallery-30022]
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса қуввати жами 60 мегаватт бўлган тўртта қозондан иборат янги иссиқлик манбаини қуриш кўзда тутилган. Бунинг учун республика бюджетидан 167 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, шаҳарча ҳудудидаги 240 та кўп қаватли уйда жойлашган 18 минг 550 дан ортиқ хонадон, 6 та мактаб, 6 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та шифохона ҳамда ўнлаб ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари замонавий иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади.
Мазкур лойиҳа аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда шаҳарчанинг замонавий инфратузилмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА