Термизда TISU Cambridge халқаро мактаби ишга туширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳрида TISU Cambridge халқаро мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, ўқувчи ёшлар, уларнинг ота-оналари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янги мактаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим тизимини такомиллаштириш ва ёш авлод учун жаҳон стандартларига мос шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида бунёд этилди. Уни қуриш ва жиҳозлашга 15 миллион доллар маблағ йўналтирилган.
[gallery-31264]
Таълим муассасаси 480 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, замонавий технологиялар ва энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминланган, ўқув хоналари халқаро талаблар асосида ташкил этилган. Мактабда 17 нафар хорижий ўқитувчи ва маҳаллий мутахассислар фаолият юритади. Хорижий педагогларнинг жалб этилиши ўқувчиларнинг чет тиллари ва замонавий фанларни халқаро муҳитда ўзлаштиришига, келгусида нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олишларига янги имкониятлар яратади.
Мактабнинг ишга туширилиши Сурхондарёда замонавий таълимга бўлган талабни қондириш, ёшлар учун халқаро мезонларга мос таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА