Тергов департаменти бошлиғига қандай мурожаатлар тушди?
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш ва мурожаатлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Вазир ўринбосари, Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашроповнинг набатдаги шахсий қабулида аҳолининг мавжуд муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул давомида 70 нафар фуқаронинг 50 дан ортиқ мурожаати ўрганилди. Мурожаатларнинг 34 таси тергов ва суриштирув фаолияти, 4 таси терговга қадар текширув, 1 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ва 13 таси ички ишлар органларига оид бошқа масалаларни ташкил этди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар аҳолиси учун шахсий қабул онлайн шаклда ҳам ташкил этилди. Қабул давомида Андижон, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди.
Шахсий қабул давомида вазир ўринбосари ҳамда масъул раҳбар ва ходимлар томонидан фуқаролар билан уларни қийнаётган муаммолар юзасидан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди.
Хусусан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда бошқа йўналишлардаги мурожаатлар қабул қилиниб, уларни қонуний ва тезкор ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Мурожаатларнинг 33 фоизи шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди, 15 фоизи бўйича фуқароларга тегишли тушунтириш берилди. Қолган мурожаатлар қўшимча ўрганиш талаб этгани сабабли ижрога йўналтирилиб, ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқот ва шахсий қабуллар тизимли равишда давом эттирилади.
Н.Абдураимова, ЎзА