Мақсад: ҳосилдорликни ошириш ва сувни тежаш (+видео)
“Сув келтирган элда азиз”, деган ибора қачон пайдо бўлгани номаълум. Аммо қадимда ҳам сув қадрли бўлгани аниқ. Бугунга келиб эса, унинг қиймати кундан-кун ортиб бормоқда. Чунки тоғлардаги сув захиралари камайиб, айрим ҳудудларда аста-секин қурғоқчилик рўй бериши хавфи ортяпти.
Бир томондан ҳосилдорликни ошириш, иккинчи томондан сувни тежаш лозим. Деҳқон шундай пайтда қандай йўл тутиши керак?

Бу йил Фарғона вилоятида пахтадан ўртача 53,5 центнер ҳосил олиш режалаштирилган. Айни пайтда амалда ушбу кўрсаткични янада ошириш чоралари кўрилмоқда.
Президентимиз тавсия этганидек, бу борада асосий эътибор илм-фан ютуқлари ва замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишга қаратилмоқда. Хусусан, Олтиариқ туманида бу каби ёндашув ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

Тумандаги фермерлар 2025 йилда “Шинжон” усулида чигит экиб юқори ҳосил олди. Шунданми, бу йил деярли барча майдонларда ушбу усул қўлланяпти. “Дилмуҳаммад Файзулло Файз” фермер хўжалиги Олтиариқнинг илғор, тилга тушган деҳқонлари бошқарувида. Унинг 38 гектар ери бор. Шундан 20 гектарига қўшқатор, томчилатиб суғориш, бир сўз билан айтганда, “Шинжон” усулида экдилар.
– Бу усулни танлаганимизнинг сабаби шундаки, аввало ҳосилдорлик юқори бўлади, – дейди “Дилмуҳаммад Файзулло Файз” фермер хўжалиги раҳбари Дилмуҳаммад Ҳомиджонов. – Иккинчидан, сув тежалади, агротехник ишловлар сони қисқаради. Яъни техника далага кам киради. Ишчи кучи, қўл меҳнатига ҳам талаб қисқаради. Пировард натижада маҳсулот таннархи арзонлашади.

Фарғона вилоятида жами 72 минг гектар майдонда пахта етиштирилади. Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аллақачон амалга татбиқ этиляпти. Бунда Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассислари фермерларга яқин ёрдамчи бўлди.
– Фарғона вилояти бўйича 40,7 минг гектар майдонга сув тежовчи технологиялар жорий этилиши режалаштирилган, – дейди Сирдарё-Сўх ирригация сув ҳавза бошқармаси бош мутахассиси Зуҳриддин Орифжонов. –Бунда томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, дискретицион усулда суғориш ва эгатга плёнка тўшаб томчилатиб суғориш усулларини қамраб олади. Ушбу усулда ҳисоб китобларга кўра вилоятда 30-35 миллион метр куб сув тежаш имкони бўлади.

Деҳқон ҳосилдорликни оширишни ўйлайди, ирригатор сувни тежаб ишлатишни. Аммо ҳар икки мақсад уйғун. Уни амалга ошиши учун Президент қарорига кўра сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва субсидиялар суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади. Яъни сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, ажратиладиган субсидияларга 1,25 оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда ҳисобланади. Бу эса деҳқон даромадини оширади.
“Шинжон”нинг сувни тежовчи усулини қўллаш учун кўп миқдорда плёнка ва томчилатиб суғориш шланги керак. Энди уни Фарғонада ҳам ишлаб чиқаришмоқда.

– Вилоятнинг Тошлоқ ва Ўзбекистон туманларида томчилатиб суғориш учун пластмасса махсус шланглари ва “Шинжон” усулига мослаштирилган ўлчамдаги плёнкалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, – дейди Зуҳриддин Орифжонов.
Шундай қилиб, қисқа муддатда Фарғона вилоятининг пахта экиладиган сувни тежовчи технология қўлланган майдони 53 фоизга етди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tThwOw_q0x0" title="Maqsad: hosildorlikni oshirish va suvni tejash" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео) ЎзА