Урганчда “Спортимиз – фахримиз” фотокўргазмаси очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хоразм вилоятида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг ҳудудлардаги фаолиятини янада жонлантириш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ахборот соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида “ЎзА кунлари” лойиҳаси ўтказилмоқда.
Лойиҳа доирасида таниқли фотомухбир, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Алимурод Мамадаминовнинг “Спортимиз – фахримиз” номли бешинчи шахсий фотокўргазмаси ташкил этилди.
[gallery-28401]
Кўргазма Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Урганч давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди. Унинг очилиш маросими Урганч давлат университетида бўлиб ўтди.
Экспозицияда муаллифнинг турли спорт турларини акс эттирган 70 га яқин сара фотосуратлари намойиш этилмоқда. Шунингдек, кўргазмадан Хоразм воҳасида етишиб чиққан машҳур спортчилар фаолиятини ёритувчи фотолавҳалар ҳам ўрин олган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ, Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА