"TBC Uzbekistan" экотизимида бизнес мижозлари сони беш баробарга ошди
Лондон биржасида рўйхатга олинган "TBC Bank Group" таркибига кирувчи, Марказий Осиёдаги етакчи рақамли молиявий экотизим бўлган "TBC Uzbekistan" бугун 2026 йилнинг учинчи чораги учун МҲХС бўйича консолидациялашган натижаларини эълон қилди
Мамлакатдаги энг йирик рақамли банклардан бири TBC Bank, оммабоп тўлов хизмати payme, харидларни бўлиб тўлаш хизмати TBC Nasiya, жадал ривожланаётган рақамли суғурта хизмати TBC Sug‘urta, чакана савдони бошқариш учун SaaS платформаси BILLZ ҳамда онлайн эълонлар платформаси OLX Uzbekistan’ни бирлаштирган экотизим бизнес мижозлар сонини ошириб ва жисмоний шахслар учун хизматлар кўламини кенгайтириб, барқарор ўсишни намойиш этди.
Асосий йўналишларда ишончли ўсиш кузатилмоқда
TBC Uzbekistan аудиториясини кенгайтиришда давом этди. Рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг умумий сони 25,5 миллион нафарга, ойлик фаол аудитория (MAU) эса 6,1 миллион нафарга етди.
'TBC Uzbekistan"нинг мижозлар базаси бутун мамлакат бўйлаб ўсишда давом этди. Энг юқори ўсиш суръатлари пойтахтдан ташқари ҳудудларда қайд этилди: йиллик ҳисобда чакана мижозлар сони Самарқанд вилоятида 28 фоизга, Наманган вилоятида 27 фоизга, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида эса 26 фоизга ошди. Бешта ҳудуд - Тошкент, Навоий, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қамров даражаси пойтахтдагидан аллақачон юқори.
Рақамли тўловлар, банк маҳсулотлари ва хизматларига талаб юқорилигича қолди. Тўловларнинг умумий ҳажми йиллик ҳисобда 46,5 фоизга ошиб, 43,9 триллион сўмни ташкил этди, транзакциялар сони эса 39 фоизга ошиб, 198 миллионтага етди.Чиқарилган TBC Salom дебет карталари сони йиллик нисбатда 106 фоизга ошиб, 1,5 миллионтага етди, TBC Osmon кредит карталари сони эса 241 мингтадан ошди. Бу ўтган йилга нисбатан 176 фоиз кўпдир.
TBC Bank UZCARD тўлов тизимида TBC Salom карталарини муомалага чиқарди. Эндиликда карта иккала миллий тўлов тизими — Humo ва UZCARD, шунингдек, халқаро Visa тизимида ҳам мавжуд. 2026 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, 6,7 триллион сўмга етган умумий депозит портфелининг 5,8 фоизи TBC Salom карталари ҳисобварақларига тўғри келди.
Кредит портфелини диверсификация қилиш давом этмоқда
2026 йилнинг 3-чорагида бизнесни кредитлаш, кредит карталари, POS-кредитлар ва муддатли тўлов хизматининг янада кенгайтирилиши ҳисобига кредит портфели ҳажми 10,7 триллион сўмни ташкил этди.
Кредит портфели диверсификация қилинишда давом этди ва учинчи чорак якунларига кўра, умумий кредит портфелининг 20 фоизи бизнес кредитларига, 13 фоизи кредит карталарига, 14 фоизи эса POS-кредитлар ва муддатли тўловларга тўғри келди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2026 йилнинг февраль ойида ўзининг фаол операцион фаолиятини бошлаган экотизимнинг микромолия ташкилоти - "TBC Credit" активлари ҳажми бўйича Ўзбекистондаги 142 та микромолия ташкилоти орасида учинчи ўринни эгаллади.
Хизматларга талабнинг ортиши ва "TBC Uzbekistan" экотизимининг ривожланиши
2026 йилнинг 3-чорагида обуна хизматларига бўлган талаб юқорилигича қолди: обуналарнинг умумий сони йиллик ҳисобда 120 фоизга ошиб, 1,2 миллионтага етди. Ушбу ўсиш фонида TBC Uzbekistan аввал алоҳида бўлган TBC plus ва payme plus обуналарини экотизимнинг ягона обунасига бирлаштирди.
2026 йилнинг май ойида ишга туширилган TBC Avto мижозларга тўлиқ рақамли хизмат кўрсатиш жараёнини шахсий консерж ҳамроҳлиги билан уйғунлаштириб, Ўзбекистонда автомобиль харид қилишнинг анъанавий жараёнини соддалаштиради. Ишга туширилганидан буён TBC Avto доирасида 340 та кредит ажратилди, учинчи чорак якунига кўра эса умумий портфель 75,4 миллиард сўмни ташкил этди. Payme travel орқали авиачипталар савдоси ўсишда давом этди: айланма маблағ 2026 йилнинг 2-чорагига нисбатан 96 фоизга ошиб, 5,6 миллиард сўмга етди.
2026 йилнинг 3-чорагида авиачипталарнинг 20 фоизи муддатли тўлов ёки кейинроқ тўлаш усули орқали харид қилинди. Ушбу йўналиш фойдаланувчиларни экотизимнинг турли хизматларига тобора фаолроқ жалб этмоқда. payme travel шунчаки авиачипталарни банд қилиш хизматидан саёҳатларни режалаштириш бўйича тўлақонли платформага айланиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро турлар ҳамда халқаро eSIM хизматлари ҳам йўлга қўйилди.
2026 йил октябрь ойида TBC Uzbekistan экотизимнинг содиқлик дастури - Novvot’ни ишга туширди. Унинг доирасида фойдаланувчилар новвотларни жамғариши ва сарфлаши мумкин. Новвотлар кундалик харидлар ҳамда иловалардаги топшириқларни бажарганлик учун тақдим этилади. Уларни ҳар иккала иловада товар ва хизматлар учун тўлов қилишга ишлатиш ёки Novvot Shop’да ҳамкорларнинг сертификатлари ва таклифларига алмаштириш мумкин. Айрим ҳамкорларда харид қилинганда кўпроқ новвотлар тақдим этилади, экотизимнинг ягона обунаси фойдаланувчилари эса новвотларни оширилган ставкада оладилар. Дастур биринчи босқичда TBC Bank ва payme’ни қамраб олади, кейинчалик эса TBC Biznes ва BILLZ каби экотизимнинг барча маҳсулотларига татбиқ этилади. Ушбу дастур мижозларни экотизимнинг кўпроқ маҳсулотларидан фойдаланганлик учун мукофотлаш ва кундалик транзакцион фаолликни рағбатлантиришга, шу орқали мижозларнинг жалб этилганлик даражаси ҳамда "TBC Uzbekistan" орқали амалга ошириладиган кундалик молиявий операциялари улушини оширишга қаратилган.
Экотизимнинг сунъий интеллект ёрдамчиси Lola 2026 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, операторлар иштирокисиз ойига 120 мингга яқин мижозлар мурожаатини кўриб чиқди. Йил бошида тўлиқ миқёсда ишга туширилганидан буён Lola мижозлар билан мустақил равишда ярим миллиондан ортиқ мулоқот ўтказиб, барча кирувчи чатларнинг қарийб ярмини бошидан охиригача барқарор равишда якунлаб келмоқда. Бу эса қўллаб-қувватлаш хизмати мутахассисларига эътиборини мураккаброқ мурожаатларга қаратиш имконини беради.
2026 йил июль ойида харид битими якунлангач, мамлакатдаги онлайн эълонлар платформаси бўлган OLX Uzbekistan "TBC Uzbekistan" экотизимига интеграция жараёнини бошлади. 3-чоракда Дмитрий Пучков платформанинг янги бош директори (CEO) этиб тайинланди. Сўнгги ўн йил давомида OLX Uzbekistan’га раҳбарлик қилган Дониёр Турғунов компания бошқарувида муҳим ўринни сақлаб қолмоқда. Йирик маркетплейсларни кенгайтириш тажрибаси ва маҳаллий бозорни чуқур тушуниш уйғунлиги платформани трансформация қилиш дастурининг асосини ташкил этади. Ушбу дастурдан кўзланган мақсад эса молиявий ва тўлов хизматларини бевосита классифайддаги фойдаланувчи йўлига интеграция қилишдан иборат бўлиб, бунда OLX ўз бренди остида мустақил ва очиқ эълонлар платформаси сифатида фаолият юритишда давом этади.
Экотизимнинг бизнес сегментини кенгайтириш
"TBC Uzbekistan"нинг бизнес йўналиши бутун чорак давомида ўсишда давом этди. Экотизимдаги фаол мерчантларнинг умумий сони йиллик ҳисобда 48 фоизга ошиб, 23 400 тага етди. BILLZ платформаси орқали 7,8 триллион сўмдан ортиқ қийматдаги транзакциялар амалга оширилди, платформадан фойдаланувчи брендлар сони эса 4 800 тадан ошди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53 фоиз кўпдир.
Экотизимда рўйхатдан ўтган бизнес мижозлар сони йиллик ҳисобда беш баробарга ошди, бунда уларнинг 84 фоизи Тошкентдан ташқарида фаолият юритади. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё ҳамда Андижон вилоятларида қайд этилди. Тармоқлар кесимида бизнес мижозларнинг ярмидан кўпроғи улгуржи ва чакана савдо ҳиссасига тўғри келса, кейинги ўринларни ишлаб чиқариш, АКТ, қишлоқ хўжалиги ҳамда таълим соҳалари эгаллади. Чоракнинг энг жадал ривожланаётган сегментлари эса профессионал хизматлар, АКТ ва транспорт бўлди.
Бизнес мижозлар учун янги имкониятлар йўлга қўйилди. Хусусан, озиқ-овқат дўконлари BILLZ платформасидан фойдаланиш имконига эга бўлди, шунингдек, сотувчиларга алоҳида POS-терминалсиз, смартфон ёрдамида банк карталари орқали тўлов қабул қилиш имконини берувчи SoftPOS хизмати тақдим этилди.
Рayme loyalty BILLZ орқали содиқлик дастурларини юритаётган мерчантлар учун ҳам мавжуд бўлди: бунда мижозлар бонус ва кешбэкни кузатиб бориши ҳамда харидлар учун ягона QR-код орқали тўлаши мумкин. Ушбу хизмат ишга туширилиши натижасида фойдаланувчилар турли дўконларнинг содиқлик карталарини бир жойда сақлаш имкониятига эга бўлдилар.
Июль ойида TBC Biznes томонидан ишга туширилган тўлиқ рақамли иш ҳақи лойиҳаси экотизимнинг бизнес йўналишини унинг чакана аудиторияси билан боғлашда давом этди. Иш ҳақи лойиҳасига уланган компанияларнинг ходимлари TBC Salom карталарига эга бўлишди. Бу эса банкнинг флагман чакана маҳсулоти учун мижозларни жалб қилишнинг қўшимча каналидир. TBC Uzbekistan янги компанияларни улашда ва маҳсулот имкониятларини кенгайтиришда давом этмоқда. Яқин ойларда TBC Biznes мижозлари учун бизнес карталари ҳам ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
-TBC Uzbekistan яна бир муваффақиятли чоракни якунлади. Биз аудиториямизни ҳамда бизнес ва хусусий мижозлар учун маҳсулотлар қаторини кенгайтиришда ва энг юқори даражадаги ягона мижоз тажрибасини яратиш орқали экотизимимизни янада чуқурроқ интеграция қилишда давом этдик.
Кундалик банк амалиётлари учун асосий маҳсулотларимиз ва экотизимимизга киришнинг бош нуқталари бўлган TBC Salom ҳамда TBC Osmon карталари уч хонали ўсиш суръатини сақлаб қолди. Шу билан бирга, уларнинг умумий омонатлар ва кредит портфелидаги улуши ортиб бормоқда. Тўловларнинг умумий ҳажми эса йиллик ҳисобда 46,5 фоизга ошиб, ушбу сегментдаги етакчилигимизни янада мустаҳкамлади.
Бизнес йўналиши ишончли ўсмоқда ва экотизимнинг тобора муҳим қисмига айланмоқда: фаол мерчантлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоизга ошди, бизнес кредитлари эса умумий кредит портфелининг 20 фоизини ташкил этди.
Янги маҳсулотлар чакана ва бизнес мижозлар учун имкониятларни кенгайтирди, Novvot содиқлик дастури эса фойдаланувчиларнинг экотизимга жалб этилганлигини янада оширишга хизмат қилади, - дея таъктдлади "TBC Uzbekistan" бош директори (CEO) Ника Курдиани.
Реклама ҳуқуқи асосида.
ЎзА.