Сирдарё пахтакорлари тарихий хирмонга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди
Мамлакатимиз пахтачилиги тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилди. Ушбу тарихий натижага Сирдарё вилояти деҳқон ва фермерлари ҳам салмоқли ҳисса қўшиб, давлат раҳбарининг юксак эътирофига сазовор бўлди. Вилоятда 75,2 минг гектар майдондан 445 минг 980 тонна ҳосил йиғиб олинди, пахта теримида механизация даражаси эса 100 фоизга етказилди.
Қишлоқ хўжалигидаги ҳар бир ютуқ замирида ерга меҳр, илмий ёндашув, замонавий агротехнологиялар ва деҳқон-фермерларнинг машаққатли меҳнати мужассам. Жорий йил мамлакатимиз пахтачилиги тарихида муҳим воқеа ва юксак натижалар билан ёдда қолмоқда. Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилиб, мисли кўрилмаган хирмон бунёд этилди. Ушбу тарихий натижага Сирдарё вилояти пахтакорлари ҳам муносиб ҳисса қўшди.

Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида Сирдарё вилояти Жиззах, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари қаторида ҳар гектардан 60 центнердан юқори ҳосил олган ҳудудлардан бири сифатида алоҳида эътироф этилди. Давлат раҳбарининг бу эътирофи, аввало, далада меҳнат қилаётган деҳқон ва фермерлар, соҳа мутахассислари ҳамда мавсумда иштирок этган барча меҳнат аҳлининг фидокорона меҳнатига берилган юксак баҳодир.

— Мамлакатимиз пахтачилиги тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилгани барчамиз учун қувонарли ва тарихий воқеадир. Сирдарё вилоятининг ҳам ушбу улкан хирмонга муносиб ҳисса қўшгани, Президентимиз табригида ҳосилдорлиги юқори ҳудудлар қаторида эътироф этилгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди. Бу — йил давомида ердан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва, энг муҳими, фермерларимизнинг фидокорона меҳнати натижасидир. Давлат раҳбарининг эътирофи соҳа вакиллари учун катта рағбат бўлиши билан бирга, келгусида янада юқори натижаларга эришиш масъулиятини ҳам оширади. Олдимиздаги асосий вазифа — мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, ҳосилдорликни изчил ошириш, сув ва ер ресурсларини тежаш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришдир, — деди Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аброр Хидиров.
Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, далалардаги ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш ва исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида зарур ташкилий чоралар кўрилди. Хусусан, 260 та терим отряди шакллантирилиб, 310 та пахта териш машинаси жалб этилди. Теримчиларни ташиш учун 471 та, пахтани ташиш учун эса 648 та транспорт воситаси ҳамда 1 285 та тиркама сафарбар қилинди. Бундай тайёргарлик терим жараёнини тизимли ташкил этиш ва мавсумни белгиланган муддатларда якунлашга хизмат қилди.

Вилоятнинг қатор туманларида юқори ҳосилдорлик кўрсаткичларига эришилди. Жумладан, Мирзаобод ва Ховос туманларида айрим майдонлардан ҳар гектар ҳисобига 70 центнердан зиёд пахта олинди. Мирзаобод туманида умумий ҳосил 81 минг тоннани ташкил этди. Тумандаги «Сирдарё Жингу» масъулияти чекланган жамиятида ўртача ҳосилдорлик 66 центнерга етган бўлса, айрим майдонларда бу кўрсаткич 90,4 центнергача кўтарилди.
Ховос туманидаги “Собирназаров Шуҳрат” фермер хўжалигида гектаридан 66 центнер, “Замин Унумдор-777” МЧЖда 60 центнер, “Замондош Қондош” фермер хўжалигида 58 центнер, “Туркистон Агрогибрид-2020” фермер хўжалигида эса 55 центнер ҳосилдорликка эришилди.

Сайхунобод туманида ҳам салмоқли кўрсаткичлар қайд этилди. “Беҳзод Жимманов” фермер хўжалигида гектаридан 67,8 центнер, “Фозилов Арзимурод” хўжалигида 65 центнер, “Шаҳзод Замин” хўжалигида 59 центнер, “Дурохшин Азим Дарё” хўжалигида эса 55 центнер пахта етиштирилди.
“Боёвутлик Ҳумоюн”, “Боёвут Агро Стар” МЧЖ Санжарбек Жўраев фермер хўжалигида гектаридан 100 центнердан юқори ҳосилдорлик қайд этилди. “Болғали Қилич ака” хўжалигида бу кўрсаткич 79,8 центнерни, “Ўринбоев Сарварбек” хўжалигида эса 78 центнерни ташкил қилди.
«Оқолтин туманида “Янги Замин Нашидаси” фермер хўжалиги гектаридан 100 центнер юқори ҳосилдорликка эришди. “Оқолтин Бобур Томорқа Хизмати” МЧЖ да 100 центнер, “Юсуф Хожи Ота” ва “Элбек Оғабек Диёрбек” фермер хўжаликларида 70 центнердан ҳосилдорлик таъминланди.
«Сирдарё туманидаги “Омонбой Ўғли Тугал”, Хушмурод Одил фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 100 центнердан юқори ташкил этди. “Бирдамлик” 80.3 центнер “Тинибек Бобо” хўжалигида 70 центнер, “Музаффар Мирсаид” хўжалигида эса 70 центнерлик натижа қайд этилди.
Эришилган натижалар замирида ердан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, сув тежовчи технологияларни қўллаш, ҳудуд иқлимига мос навларни танлаш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш каби омиллар муҳим ўрин тутди. Шунингдек, фермерлар, кластерлар, агрономлар, сув хўжалиги ва механизация соҳаси вакилларининг ҳамкорлиги мавсумнинг самарали ташкил этилишида катта аҳамият касб этди.

Президентимиз томонидан келгуси йилда пахтачиликда ўртача ҳосилдорликни 65–70 центнерга етказиш вазифаси белгилангани соҳа вакиллари олдига янги мақсад ва масъулият юклайди. Бунинг учун мавжуд имкониятлардан янада оқилона фойдаланиш, илғор тажрибаларни кенг жорий этиш, илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш муҳимдир.
Сирдарё пахтакорларининг жорий йилги натижалари вилоятда пахтачилик салоҳияти юқори эканини, тўғри ташкил этилган меҳнат ва илмий ёндашув орқали янада юксак марраларни забт этиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Тарихий хирмонга қўшилган бу ҳисса — даладаги машаққатли меҳнат, ҳамжиҳатлик ва масъулият самараси. Давлат раҳбарининг эътирофи эса сирдарёлик пахтакорлар учун янги марралар сари интилишда муҳим рағбатдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири