Ер қаъридан фойдаланиш бўйича ўн ойлик натижалар қандай?
Ер ости бойликлари мамлакатимизнинг муҳим табиий ресурслари ва иқтисодий салоҳиятининг бир қисми ҳисобланади. Уларни излаш, ўрганиш ва самарали ўзлаштириш жараёнларини замон талабларига мос равишда ташкил этиш эса соҳа олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Бугунги кунда бу йўналишда рухсатномалар бериш тартибини соддалаштириш, тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтириш, аукцион савдоларида очиқликни таъминлаш ва геологик маълумотлардан фойдаланишни осонлаштиришга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Энг муҳими, ушбу жараёнларда рақамли технологиялардан фойдаланиш кенгайиб, ер қаъридан фойдаланиш тизимида шаффофлик ва самарадорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида соҳа мутасаддилари томонидан сарҳисоб қилинди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда тизимости "Ер қаъридан фойдаланиш маркази" давлат муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда мутасаддилар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирда вазирликнинг Кон-геология назорати ва норуда хомашёси бўлими бошлиғи Баҳодир Раҳимов, "Ер қаъридан фойдаланиш маркази" ДМ директори ўринбосари Феруз Бадалов ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳадаги ислоҳотлар, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятларга тўхталди.
Таъкидланганидек, ер қаъридан фойдаланиш жараёнларини шаффоф ва қулай ташкил этиш, тадбиркорлар учун ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтириш ҳамда давлат хизматлари сифатини ошириш устувор вазифалардан ҳисобланади. Бунинг учун электрон аукционлар, рақамли платформалар ва геологик маълумотлар базасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
"Ер қаъридан фойдаланиш маркази" ДМ директорининг ўринбосари Феруз Бадалов 2026 йилнинг январь-октябрь ойларида амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида тўхталар экан, ер қаъридан оқилона фойдаланиш, аукцион савдолари шаффофлигини таъминлаш, рухсатнома шартлари ижросини назорат қилиш ва давлат хизматларини рақамлаштириш Марказнинг устувор вазифалари эканини таъкидлади.

– Ҳисобот даврида ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича 432 та рухсатнома расмийлаштирилди. Тадбиркорлик субъектларини соҳага жалб этиш мақсадида 303 та кон ва истиқболли майдон онлайн-аукционга чиқарилиб, уларнинг 169 таси жами 446 миллиард сўмга реализация қилинди. Бундан ташқари, олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 50 та рухсатнома берилди. Рухсатнома шартларига риоя этилишини назорат қилиш доирасида "Хавфни таҳлил қилиш" ахборот тизими орқали 1 859 та огоҳлантириш хати юборилди.
Геологик лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш бўйича 331 та хулоса тақдим этилди. Шунингдек, 42 минг гектар ер майдонининг тоифаси "саноат" тоифасига ўзгартирилиб, 2 427 та кон ва истиқболли майдон ҳақидаги маълумотлар Давлат кадастрларининг ягона тизимига интеграция қилинди. Геологик маълумотлар базасини бойитиш мақсадида 252 та ҳисобот қабул қилиниб, 84 та халқаро ва хорижий стандарт давлат тилига таржима қилинди, – деди Ф.Бадалов.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-104-сон қарорига мувофиқ, геологик лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ваколати мазкур ташкилотга ўтказилган. Бу эса ушбу жараёнларни марказлаштириш, тадбиркорлик субъектларига лойиҳаларни тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Рақамлаштириш йўналишида "Geomonitoring" ахборот тизимини такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, аукцион натижалари бўйича рухсатномаларни "licenses.uz" платформаси орқали расмийлаштириш йўлга қўйилиб, мазкур тизим "Geomonitoring" билан интеграция қилинган.
Тадбиркорларга хизмат кўрсатиш доирасида "Front office" орқали 169 та субъектга амалий ёрдам берилган, "1356" Call-марказига келиб тушган 743 та мурожаат кўриб чиқилган.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ва тадбиркорларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА