Тахтакўпир туманида ўқув семинар
Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида “Зарарли чигирткаларга қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олиш” мавзусида махсус-тактик ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси А.Жуманазаров, Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи Д.Каипов, туман ҳокими Ж.Адилов ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, зарарли чигирткалар тарқалишининг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда заҳарланиш ҳолатларида биринчи ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида чигирткалар ривожланиши учун қулай бўлган уч миллион гектардан ортиқ майдон мавжуд. Шундан 95 минг 750 гектарида зараркунандалар тухум қўйгани аниқланиб, доимий назоратга олинган. Ҳозирда жорий йил 16 мартдан бошлаб барча ҳудудларда кенг қамровли кузатув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий мавсумда кимёвий ишлов бериш тадбирларини май ойидан бошлаш режалаштирилган. Шу мақсадда тўққизта махсус отряд шакллантирилиб, зарур техника ва воситалар тўлиқ шай ҳолатга келтирилган.
Семинар назарий ва амалий босқичларда давом этди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.