Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Конимех туманида яйлов ва чўл ҳудудларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестиция киритиб, янги иш ўринлари яратиш мақсадида бўш турган ерлар ўзлаштирилмоқда.
“Navoiy World Agrotech” МЧЖ томонидан “Юксалиш” МФЙ Кенгсой ҳудудида ўзлаштирилган майдонларга инвестицион лойиҳа доирасида чигит қадаш ишлари бажарилмоқда.

Қарийб 50 гектар майдонда чигит 76х10 схема бўйича қўшқатор усулда, плёнка остига экилмоқда.

Мазкур ҳудудда озиқлантиришнинг барча босқичларида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, бу сув тежамкорлиги ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида ерни текислаш ишлари махсус лазер технологияси ёрдамида амалга оширилмоқда.
***
Учқудуқ туманида аҳолига янада қулайлик яратиш ва сифатли маҳсулотларни тақдим этиш мақсадида “Розия - Ҳасанжон” МЧЖ таъсисчилигида янги замонавий гиламлар савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди.

5 миллиард сўм маблағ ҳисобига қурилган мазкур икки қаватли бино замонавий дизайнда бўлиб, тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилди.

Мажмуада 4 та янги иш ўрни яратилган. Айни пайтда “Розия - Ҳасанжон” МЧЖ да 10 дан ортиқ учқудуқликларнинг бандлиги таъминланган.

Бу ерда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг 1000 дан ортиқ ассортиментдан иборат маҳсулотлари асосан сифат ва нафосат уйғунлигида аҳолига тақдим этилмоқда.
***
Бугунги кунда Навоий вилоятида суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 106 минг 319 тани ташкил қилади. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан суюлтирилган газдан фойдаланадиган мазкур истеъмолчиларга ҳар 35-40 кунда белгиланган режа асосида маиший газ баллонлар етказиб берилмоқда. Маиший газ баллонлар шаффофликни таъминлаш мақсадида Face-ID тизими асосида аҳолига етказилиши таъминланмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чораги давомида вилоят аҳолисига жами 3 минг 339,8 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
– Туманимизда суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 3005 тани ташкил этади, – дейди “Учқудуқтумангаз” газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Шаҳбоз Тошмуродов. – Истеъмолчиларга суюлтирилган газ Face-ID тизими орқали етказиб берилмоқда. Бу учун ходимларни планшет билан таъминланганмиз. Туманнинг энг узоқ чўл ҳудудида жойлашган овулларида истиқомат қилувчи аҳолига ҳам шу тизим асосида маиший газ баллон етказиляпти.
Вилоят бўйича истеъмолчиларга маиший баллонда суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнлари давом этмоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири