Қишлоқ хўжалиги тармоқларида инновацион лойиҳалар кўпайган
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, Ўрта Чирчиқ туманидаги дон қабул қилиш шохобчасида 2026 йил ҳосили учун етиштирилган ғаллани қабул қилишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар давомида вазирлик ҳузуридаги “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” МЧЖ раҳбари Ўткир Маҳмудов томонидан ғалла қабул қилиш жараёнида жорий этилган “AgroTarozi” ахборот тизимининг функционал имкониятлари тақдим этилди. Тақдимотда рақамли технологияларнинг соҳадаги ўрни, тизимнинг афзалликлари, шунингдек, ҳосил вазни ва сифат кўрсаткичларини электрон шаклда қайд этиш ҳамда жараёнларни автоматлаштириш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Вазир тизимнинг амалий самарадорлиги билан танишар экан, мавсум олдидан олиб борилаётган тайёргарлик ишларини ижобий баҳолади. Шу билан бирга, мазкур платформа ғалла қабул қилиш жараёнини янада шаффоф, тезкор ва самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Навбатдаги манзил ҳудуддаги “Zero Maks Agro Biznes” фермер хўжалигига қарашли дала майдонлари бўлди. Ўрганиш жараёнида вазирга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриев ҳамроҳлик қилди.
Кенг дала майдонининг 25 гектарлик контур қисмида пахтанинг серҳосил нави “Шинжон” усулида, қўшқатор қилиб плёнка остига экилган. Суғориш ва озиқлантириш ишлари томчилатиб суғоришга асосланган замонавий технологиялар ёрдамида амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, даланинг 15 гектар қисмида махсус рангли қоплама плёнкалардан фойдаланилган.

Экинлар айни пайтда баравж, соғлом ривожланмоқда. Шунингдек, пахта даласида етиштирилаётган хорижий ғўза навларини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида 6 гектарлик махсус ҳимоя зоналари ташкил этилган бўлиб, ушбу ҳудудда пахтанинг маҳаллий “Султон” нави парвариш қилинмоқда.
Ўрганиш давомида вазир ишчи гуруҳ таркибидаги олимларга тажриба тариқасида қўлланилаётган қизил, яшил ва кўк рангли плёнкалар остида униб чиқаётган ғўза навларининг ривожланиш жараёнини мунтазам мониторинг қилиб бориш бўйича аниқ топшириқлар берди. Хусусан, экинларнинг соғломлиги, унувчанлиги ва етилиш самарадорлигини илмий асосланган механизмлар орқали чуқур таҳлил қилиш вазифаси белгиланди.

Умуман олганда, Ўрта Чирчиқ туманида амалга оширилаётган бу каби инновацион ёндашувлар қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, сув ва меҳнат ресурсларини тежаш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдураҳмонов Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган “TCT Fish Cluster” МЧЖда амалга оширилаётган мутлақо янги йўналиш – сув устида шоли етиштириш лойиҳаси билан танишди.

Мазкур лойиҳа доирасида бир гектар сув ҳавзасида Филиппин, Таиланд, Хитой ва Вьетнам тажрибасига асосланган ҳолда сузувчи шоли етиштирилиб, инновацион агротехнологиянинг амалий самарадорлиги синовдан ўтказилмоқда. Ушбу усулнинг муҳим жиҳатларидан бири – маҳсулотнинг тўлиқ органик ҳолда етиштирилаётганидир. Зеро, ҳавзаларга балиқлар учун берилган озуқа сув муҳитида табиий ўғит вазифасини бажаради. Шунингдек, балиқлар ва шоли илдиз тизими ўртасидаги ўзаро таъсир ўсимлик ўсишини рағбатлантириб, ҳосилдорликни оширади.

Натижада экологик тоза ҳамда юқори сифатли маҳсулот етиштириш имконияти яратилмоқда. Таъкидланишича, мазкур технология асосида етиштирилган гуруч анъанавий усулда етиштирилган маҳсулотларга нисбатан сифат ва нарх жиҳатидан икки баробар устунликка эга. Бу эса ички бозорда рақобатбардошликни ошириш, шунингдек, экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Эътиборлиси, ушбу тажриба Шоличилик илмий-тадқиқот институти томонидан комплекс тарзда амалга оширилмоқда. Лойиҳа нафақат Қуйи Чирчиқ туманида, балки Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Наманган вилоятининг Мингбулоқ ҳамда Тошкент вилоятининг Бекобод туманларида ҳам жорий этилмоқда. Бу эса мазкур йўналишнинг истиқболи юқори эканини кўрсатади.
А.Мусаев, ЎзА