Таълим соҳасида халқаро алоқалар кенгаймоқда
Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, ёшларнинг халқаро билим ва кўникмаларини кенгайтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш муҳим.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шакирова Буюк Британиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири — University of Warwick вакили Дария Патини билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида томонлар таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболли йўналишларни муҳокама қилди.
Учрашувда агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг фаолияти, эришилган натижалар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида, университет вакили халқаро талабалар учун яратилган шароитлар, таълим дастурлари ва академик муҳит хусусида тўхталиб ўтди, дейилади Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги маълумотида.

Маълум қилинишича, University of Warwick Буюк Британиянинг етакчи олий ўқув юртлари қаторидан ўрин олган бўлиб, нуфузли Russell Group аъзоси ҳисобланади. Университет, айниқса, бизнес, муҳандислик ва STEM йўналишларида юқори салоҳиятга эга. Ҳозирда у ерда 30 мингга яқин талаба таҳсил олади. Уларнинг қарийб 10 минг нафари 120 га яқин мамлакатлардан келган халқаро талабалар ҳисобланади.
Музокаралар доирасида қатор устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, мактаб маслаҳатчиларининг малакасини ошириш, битирувчи синф ўқувчиларини хорижий университетларга тайёрлаш ва STEM фанлари ўқитувчилари учун замонавий ўқув дастурлари асосида малака ошириш курсларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, учрашувда янги муҳандислик мактаблари лойиҳаси доирасида хорижий профессорларни ўқув жараёнига жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида мазкур мулоқот икки томон ўртасида мустаҳкам таълимий алоқаларни ривожлантириш, илғор тажрибалар алмашинувини кучайтириш ҳамда ёшлар учун халқаро таълим имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА