Тошкентда халқаро муҳандислик консорциуми тузилди
Тошкентда муҳандислик таълими ва технологиялар соҳасида янги ҳамкорлик формати йўлга қўйилди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ташаббуси билан “Келажак муҳандислари” халқаро муҳандислик консорциумини ташкил этиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Консорциум таркибига Марказий Осиё ва Россия етакчи олий таълим муассасалари – Санкт-Петербург политехника университети, Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети, Қ.Сатпаев номидаги техника университети, Тожикистон техника университети, Қирғизистон давлат техника университети ҳамда Туркманистоннинг Я.Какаев номидаги Халқаро нефть ва газ университети жалб этилди.
[gallery-29058]
Саноат, энергетика ва транспорт тармоғи учун замонавий технология, жумладан сунъий интеллект ечимини амалда қўллай оладиган юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш янги тузилманинг асосий мақсади сифатида белгиланди. Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида тизимли академик алмашинувни йўлга қўйиш, қўшма илмий-амалий лойиҳалар ишлаб чиқиш, лаборатория базасини такомиллаштириш ҳам устувор вазифа ҳисобланади.
– Мазкур ҳужжат оддий ҳамкорлик келишуви эмас, балки минтақа технологик тараққиётини белгилаб берувчи стратегик платформа ҳисобланади, – дейди ТДТУ ректори профессор Садриддин Туробжонов. – Асосий мақсадимиз халқаро муҳитда самарали ишлай оладиган, рақамли иқтисодиёт талабига жавоб берадиган янги авлод муҳандисларини тайёрлашдир.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА