Юнус Эмро институтининг Тошкент офиси очилди
Туркий дунё уламолари ўз даврида бутун жаҳон халқлари учун тафаккур кўзгуси бўлган. Улар қолдирган бой ижодий мерос бугунги кунда ҳам инсониятга муҳим маънавий озиқа бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган қардош халқлар билан муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат натижасида тарихий қудрат тикланиб бормоқда. Айниқса, буюк алломалар хотираси абадийлаштирилаётгани келажак авлод учун айни муддао.
Қардош халқлар дўстлиги рамзи ўлароқ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Юнус Эмро институтининг Тошкент офиси расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир тантанали тус олди. Дастлаб меҳмонлар эътиборига турк халқининг нафис мероси намуналаридан иборат Тезҳип — олтин безак санъати кўргазмаси ҳавола этилди. Шарқ китобат маданиятининг ажралмас қисми бўлган ушбу зарҳаллаш санъати намуналари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфуқ Улутош, Озарбайжон Республикасининг элчиси Ҳусейн Гулиев, Юнус Эмро институти директори, профессор Абдураҳмон Али ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг маслаҳатчиси Исажон Султон иштирок этиб, янги марказ фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Университет ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов ўз нутқида мазкур марказни шунчаки тил ўргатиш даргоҳи эмас, балки буюк Навоий ва Юнус Эмро меросини тадқиқ этувчи олимлар, ёш ижодкорлар ва зиёлилар учун эркин мулоқот майдони ҳамда янги илмий-таълимий лойиҳалар ўчоғи сифатида қайд этди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Анқарада Алишер Навоий ҳайкалининг қад кўтариши ва Хатай вилоятида “Ўзбекистон маҳалласи” барпо этилиши халқларимиз ўртасидаги маънавий илдизлар муштараклигини дунёга намоён этди.

Дунёнинг 70 та мамлакатида ўзининг 90 та марказига эга бўлган нуфузли Юнус Эмро институтининг Тошкент офиси учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети танланиши бежиз эмас. Зеро, ушбу олийгоҳ ўзбек тили ва миллий меросимизни халқаро миқёсда тарғиб қилишни ўзининг бош стратегик мақсади деб билади.
Тошкентда очилган Юнус Эмро маркази маънавий ришталарнинг мантиқий давоми ўлароқ, туркий дунёнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш йўлида янги қадам бўлиб хизмат қилади.

Шербек Исломов, ЎзА