Таълим ислоҳотлари самараси иқтидорли ёшлар ютуқларида акс этмоқда
Бугун мамлакатимиз таълим тизимида натижалар иқтидорли ёшларнинг халқаро майдондаги муваффақиятларида яққол намоён бўлмоқда. Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинаётгани, инновацион лойиҳалар ва илмий изланишлардаги ютуқлари бунинг амалий тасдиғидир.
Ана шундай ютуқларга эришган ёшларни бир майдонга жамлаган “Бунёдкорлар саммити: иқтидорлар – тараққиёт пойдевори” мавзусидаги тадбир Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб ўтди.
Унда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги раҳбарияти, хорижий ҳамкорлар, инвесторлар, педагоглар ҳамда битирувчилар иштирок этди.

Маросимда Эъзоза Каримова сўзга чиқиб, Президент мактаблари ташкил этилиши иқтидорли ёшлар учун кенг имкониятлар яратганини таъкидлади. Қайд этилганидек, бугунги кунда ушбу таълим муассасалари битирувчилари нафақат таълимда, балки илмий изланишлар, стартап лойиҳалар ҳамда халқаро миқёсдаги ютуқлари билан ҳам мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Дарҳақиқат, 2025–2026 ўқув йилида агентлик тизимидаги 228 та мактабда 75 минг нафар ўқувчи таҳсил олди, 9 мингдан ортиқ педагог фаолият юритди.
Тадбирда келтирилган маълумотларга кўра, жорий йилда 99 нафар битирувчи умумий қиймати 12,5 миллион АҚШ долларидан ортиқ грантларни қўлга киритди. Уларнинг аксарияти дунёнинг ТОП-300 талик нуфузли университетларига ўқишга қабул қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат, барча Президент мактаблари CIS (Council of International Schools — Халқаро мактаблар кенгаши) халқаро аккредитациясидан муваффақиятли ўтган бўлса, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад ал-Хоразмий ва Ал-Беруний номидаги ихтисослаштирилган мактаблар IB (International Baccalaureate — Халқаро бакалавриат дастури) аккредитациясига сазовор бўлди.
Саммит доирасида Хитойнинг “Yinghua Academy” таълим муассасасидан ташриф буюрган 18 нафар ўқувчи ва педагогдан иборат делегация ҳам иштирок этди. Меҳмонлар Ўзбекистон таълим тизими, яратилаётган имкониятлар ҳамда иқтидорли ёшлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Тадбир давомида Гарвард, MIT, Корнелл ҳамда Гонконг ва Торонто каби дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига қабул қилинган ёшлар алоҳида эътироф этилди.
М. ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА