Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самарасининг халқаро индикаторлардаги ифодаси
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этадиган халқаро рейтинг ва индекслардаги мавқеини яхшилаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш, фуқаролар ва халқаро ҳамкорлар учун очиқ, қулай ва шаффоф муҳит яратишга қаратилган тизимли ислоҳотлар олиб борилгани натижасида мамлакатнинг халқаро индикаторлардаги кўрсаткичлари тобора яхшиланиб бормоқда.
Глобал рейтинглардаги ижобий динамика ва тенденциянинг кузатилиши нафақат мамлакатнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтираётгани, балки давлат, жамият ва инсон ўртасидаги ижтимоий муносабатларни янада мустаҳкамлаб, демократик янгиланишлар жараёни мустаҳкам шаклланиб бораётганлигини англатади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг миллий тизими яратилган бўлиб, ушбу соҳада парламент назорати кучайтирилган.
Айниқса, кейинги 5 йилда Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш индексида 32, иқтисодий эркинлик индексида 31, ҳуқуқ устуворлиги индексида 16, логистика самарадорлиги ҳамда глобал инновация индексларида 11 поғонага юқорилашга эришган.
Хусусан, “Transparency International” ташкилоти томонидан эълон қилинган янги рейтингда Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича 182 та давлат ичида 124-ўринни эгаллаб, 100 баллик индексга кўра 31 балл (2025 йилда – 32 балл) тўплаган.
Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида Ўзбекистон 6 поғонага юқорилаб, 193 давлат орасида 63-ўриндан жой олди.
Ушбу натижалар давлат органлари, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги, аниқ индикаторлар асосида амалга оширилган ислоҳотлар самараси эканидан далолат бермоқда.
Шу билан бирга, ўтган йиллар давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенглик соҳасида амалга оширилган ишлар натижасида бир қатор нуфузли халқаро рейтинг ва баҳолаш индексларида юқори кўрсаткичларга эришилган.
Мисол учун, Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда (IPU Parline) Ўзбекистон парламентдаги хотин-қизлар улуши бўйича дунёдаги 183 та давлат ичида 15 поғона юқорилаб, 52-ўриндан 37-ўринга кўтарилган.
Гендер тенглик ва бошқарув индексининг (Gender Equality and Governance Index – GEGI) баҳолаш натижаларига кўра, 2025 йилга келиб Ўзбекистон 103-поғонадан 52-поғонага кўтарилиб, минтақада биринчи ўринни эгаллаган.
АҚШдаги Оpen Data Wаtch ташкилотининг сўнгги ҳисоботида Очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон жаҳондаги энг яхши 20 та мамлакат қаторидан жой олган.
Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 48-поғонани эгаллаш ҳисобига 190 мамлакат ичида 91-ўрин (82,5 балл) қайд қилингани, бу гендер тенглик, аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижаси экани алоҳида эътироф этилган.
Шунингдек, фуқаролик жамияти секторининг ҳолатини баҳолайдиган энг муҳим ва ихтисослашган индикаторлардан бири – Фуқаролик жамияти ташкилотларининг барқарорлик индексида (CSOSI) Ҳукуматнинг ижтимоий шериклик ва давлат грантлари орқали ННТларни молиялаштиришни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ижобий баҳоланган.
Бутунжаҳон қонун устуворлиги индексида (“World Justice Project” (WJP) Ўзбекистон 2017-2018 йиллардан бошлаб “Тартиб ва хавфсизлик” ҳамда “Фуқаролик одил суди” каби йўналишларда сезиларли ўсиш намойиш этгани таъкидланган.
Дунёдаги энг кенг қамровли демократия маълумотлар базаси ҳисобланган “V-Dem” (Varieties of Democracy) институти (АҚШ) томонидан 2017 йилдан кейин Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолиятида фаол эркинлашув жараёни кузатилгани қайд этиб ўтилган.
“World Happiness Report” индексига кўра, Ўзбекистон хайрия бўйича етакчи мамлакатлар қаторида бўлиб, жаҳон рейтингида 25- ўринни эгаллаган. Бошқача айтганда, хайрия қилаётган фуқаролар улуши (53,9 фоиз) бўйича Ўзбекистон МДҲ, Европа ва Осиё давлатлари орасида етакчилик қилмоқда.
Ушбу кўрсаткич жамиятда ижтимоий бирдамлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш даражаси юқори эканини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида, ўзаро ёрдам кўрсатиш маданияти мамлакатнинг тўғридан-тўғри иқтисодий даражасига боғлиқ эмаслиги, балки анъаналар ва жамият нормалари асосида шаклланганини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу билан бирга, Нумбео халқаро портали томонидан эълон қилинган “Хавфсизлик индекси – 2026” рейтингида Ўзбекистон 23-ўринни эгаллаган. Эътиборли жиҳати шуки, Ўзбекистондаги хавфсизлик даражаси Швейцария (27-ўрин), Германия (52), Канада (77), АҚШ (94) ва Франция (114) каби давлатлардан кўра яхшироқ деб топилган.
Таъкидлаш лозим, “Нумбео хавфсизлик индекси” у ёки бу мамлакатда жиноятчилик даражаси, аҳолининг ҳуқуқ-тартибот органларига ишончи, тунги ва кундузги вақтда кўчаларда юриш хавфсизлиги каби мезонлар асосида ўтказилган сўровномалар натижаларига қараб шакллантирилади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган трансформация жараёнлари ва кенг қамровли ислоҳотлар натижасида эришилаётган ютуқлар давлат органлари, бизнес субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги амалий ҳамда узвий ҳамкорликнинг яққол ифодасидир.
Мамлакатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги мавқеи йилдан-йилга барқарор мустаҳкамланиб бораётгани шунчаки кўрсаткич эмас, балки миллий бошқарув тизимининг халқаро стандартлар асосида сифат жиҳатидан янгиланаётганининг кўриниши десак асло муболаға бўлмайди.
Зотан, бундай ижобий динамика иқтисодий ва сиёсий модернизациялаш дастурларининг бир-бирини тўлдирувчи яхлит стратегияга айланганини кўрсатади ҳамда миллий демократия моделини янада юксалтириш, бошқарувда холислик ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги барқарор мавқеини кафолатлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Адҳамжон Узоқжонов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА