Тадбиркор манфаати – устувор мақсад
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлар учун қулай ва шаффоф бизнес муҳитини шакллантириш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада божхона органлари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янада кенг имкониятлар яратиб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бугун раҳбарлар кабинетда эмас, балки тадбиркорлар ҳузурига бориб, муаммоларни жойида ўрганиш ва амалий ечимлар таклиф этиш тамойили асосида иш олиб бормоқда.
Ана шундай очиқ мулоқот ва манзилли ёндашув доирасида Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги сайёр учрашув ташкил этилди.
Бу галги манзил металл буюмлар, сув қувурлари, иситиш ускуналари ва турли инвентарлар улгуржи савдосига ихтисослашган “BNB MET” МЧЖ бўлди.
Учрашув давомида корхонада йўлга қўйилган ишлаб чиқариш ва логистика жараёнлари, импорт операциялари ҳамда тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар атрофлича ўрганилди. Корхона раҳбарияти билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантиришга доир фикр ва таклифлар муҳокама қилинди.

Эътиборлиси, мазкур корхона сўнгги икки йил давомида мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик импорт лойиҳаларини амалга оширган. Жумладан, 2025–2026 йилларнинг ўтган даврида Эрон Ислом Республикасидан умумий қиймати қарийб 40 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 62 минг тонна қора металл, арматура ва пўлат симлар мамлакатимизга импорт қилинган. Бу эса қурилиш, саноат ва инфратузилма тармоқларини сифатли хомашё билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мулоқот жараёнида тадбиркорларга божхона тизимида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар, жорий этилган енгилликлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, халқаро савдода ишончли ҳамкор сифатида эътироф этиладиган “Ваколатли иқтисодий оператор” мақомини олиш тартиби, унга қўйиладиган талаблар ҳамда ушбу мақомнинг амалий афзалликлари тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидланганидек, мазкур мақомга эга бўлган корхоналар учун божхона расмийлаштируви янада тезлашади, ортиқча вақт ва харажатлар қисқаради, ташқи иқтисодий фаолиятда қўшимча енгилликлар яратилади. Бу эса тадбиркорларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро бозорлардаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида тадбиркорларни қийнаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, уларга ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатиш, очиқ мулоқотларни мунтазам давом эттириш божхона органларининг устувор вазифаларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилаётган бундай сайёр учрашувлар давлат ва тадбиркор ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, бу каби амалий мулоқотлар муаммоларни жойида ҳал қилиш, ташқи савдони янада ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига хизмат қилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Янги Ўзбекистонда тадбиркорнинг манфаати ва унинг муваффақияти давлат эътиборининг марказида эканини ана шундай амалий ишлар яна бир бор яққол намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА