Топ-100 хорижий университетларда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан мулоқот қилинди
Пойтахтимизда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Маълумки, бугунги кунда “Ёшлар куни” доирасида ўтказилаётган тадбирлар ёшлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларни ташвишлантираётган масалаларни ўрганиш ва таклифларини тинглашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда ташкил этилган учрашувда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори топ-100 хорижий университетларда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан самимий мулоқот қилди.
Қайд этилганидек, энг замонавий стратегиялар ҳам, энг пухта қонунлар ҳам уларни амалга оширадиган билимли, ҳалол, ташаббускор ва масъулиятли кадрлар бўлсагина кутилган натижаларга эришилади.
Бугун давлат бошқаруви тизимига стратегик фикрлайдиган, халқаро тажрибани чуқур тушунадиган, иқтисодий таҳлил қила оладиган, рақамли технологиялардан самарали фойдаланадиган, хорижий тилларни мукаммал биладиган ва энг муҳими, мамлакат тараққиёти учун масъулиятни ҳис қиладиган мутахассислар керак.
–Tоп-10, 50, 100 таликка кирган университетларда билим эгаллаётган ёшларимиз нафақат муваффақиятли, балки Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлажак кадрлар ҳисобланади, – деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов. – Бу каби ёшларни биз келажакда Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимида кўришдан манфаатдормиз. Агентлик бугун мамлакатдаги энг муҳим иқтисодий ислоҳотларни амалга ошираётган ташкилотлардан бири ҳисобланади.
[gallery-30437]
Бу ерда халқаро инвесторлар билан музокаралар олиб борилади, йирик хусусийлаштириш битимлари тайёрланади, давлат иштирокидаги корхоналар трансформация қилинади, корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартлари жорий этилади, капитал бозори ривожлантирилади ҳамда мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилинади. Бу жараёнларда энг асосий бойлик — билимли инсон капитали ҳисобланади.
Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ва спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Гулноза Бобоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА