Яшнобод туманида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот
Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойларда ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ҳудудларда очиқ мулоқотлар давом этмоқда.
Хусусан, пойтахтимиздаги Яшнобод туманида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари билан навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
100 га яқин тадбиркорлик субъектлари қатнашган учрашувда Бизнес-омбудсман девонининг Тошкент шаҳар шўъбаси мудири Ф.Аҳмедов, Яшнобод тумани ҳокими Б.Раҳмонқулов, ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида тадбиркорларни қийнаётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Тадбиркорлар томонидан асосан нодавлат таълим соҳасига оид долзарб масалалар, бизнес юритиш жараёнида учраётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган ташаббуслар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув якунида кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни қонуний асосда ҳал этиш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Қайд этилганидек, бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита жойларда ўрганиш, уларни тезкор ҳал этиш ҳамда Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқоти учун долзарб масалаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА