Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича чоралар кўрилди
Қашқадарё вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. “Ҳудудгаз Қашқадарё” ГТФнинг комплайенс назорат тузилмалари ҳамда маҳалла истеъмолчилари билан ишлаш бўлимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор текширувларда бир қатор қонунбузарликлар аниқланган.
Қарши шаҳридаги “Қарши” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Қ. ҳеч қандай ҳужжатсиз тармоққа уланиб, табиий газдан тўғридан-тўғри фойдалангани маълум бўлди. Бу ҳолат натижасида 22 миллион сўмлик газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Косон тумани Арабхона маҳалласидан эса яна бир ноқонуний уланиш ҳолати аниқланди. Хонадон эгаси орқадан ўтган тармоққа яширин йўллар орқали уланиб, 27 миллион сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган. Шунингдек, шу туманда яшовчи Р.О. ҳисоблагич ўрнатмай, хавфсизлик талабларини қўпол равишда бузиб, резина шланг орқали тармоққа уланиб, 29 миллион сўмлик газни талон-торож қилган.
Яккабоғ туманидаги тадбиркор М.Т. ҳам қонун талабларини четлаб, газ тармоғига яширин уланиб, ҳаммом биносини қиздириш мақсадида фойдаланган. Бу ҳолат тадбиркорга нисбатан 263 миллион сўмлик жарима жазоси қўлланилишини талаб қилди.
Барча аниқланган қонунбузарликлар бўйича қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилди.
Экспертлар таъкидлашича, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий йўқотишларга олиб келади, балки хавфсизлик учун ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади. Шу боис фуқаролар ва тадбиркорлар қонун талабларига қатъий риоя қилиши зарур.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири