“Ўзбекистон учун тоза водород” лойиҳаси расман ишга туширилди
Маълумки, водород энергетикаси глобал энергия индустриясида энг салоҳиятли ва экологик барқарор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу технология нафақат углерод чиқиндиларини камайтириш, балки ривожланаётган мамлакатларда энергия хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий ўсишга туртки бериш имконини беради.
Ўзбекистонда ҳам энергия тизимини модернизация қилиш ва "яшил" иқтисодиётга ўтиш долзарб масалага айланмоқда. Мамлакатда қўлланилаётган анъанавий энергетика манбалари асосан суюқ ёқилғига боғлиқ бўлиб, улар иқтисодий самарадорликни чеклайди ҳамда экологик хавфларни келтириб чиқаради.
Шу боис, тоза водород ишлаб чиқариш ва уни энергетика тармоқларига интеграция қилиш орқали мамлакатимиз углерод нейтрал энергетика тизимига эришиш ва янги инвестиция имкониятлари яратишга интилади.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ҳамкорлигида “Ўзбекистон учун тоза водород” лойиҳасининг расмий очилиши ҳам юртимизда бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар билан боғлиқ.
Қатор вазирлик ва ташкилотлар масъуллар, мутахассислар иштирок этган ушбу тадбирда лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилган стратегик вазифалар ҳамда келгусидаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Лойиҳа мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган бўлиб, у Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Korea Green New Deal Trust Fund” (KGNDTF) жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Энергетика вазирлиги бўлим бошлиғи Беҳруз Мирзаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда тоза водород энергетикасини ривожлантириш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

– Бугунги тадбир ҳам улардан биридир. Мазкур лойиҳа доирасида мамлакатимизда углерод чиқиндиларини камайтириш, энергетика тизимини замонавийлаштириш ва деярли барча ҳудудларда яшил энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади. Бундан ташқари, тоза водород ишлаб чиқариш тармоғи мамлакат иқтисодиёти учун янги саноат ва экспорт секторига туртки бўлади ҳамда инвестиция муҳитини янада жозибадор қилади. Ушбу лойиҳа нафақат энергетика соҳасини модернизация қилади, балки экологик барқарорлик ва яшил иқтисодиётга ўтиш йўлида муҳим қадам саналади, – деди у.
Айтиш керакки, “Ўзбекистон учун тоза водород” лойиҳаси мамлакатимизнинг кам углеродли энергетика тизимига ўтишини таъминлаш, оғир саноат тармоқларини модернизация қилиш ҳамда янги саноат ва экспорт имкониятларини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА