2030 йилда картошкачиликда яна экспортчи давлат бўламиз (+видео)
Кейинги йилларда бозор ва йирик супермаркетларимизда хориждан келтирилган картошка кўпайиб қолди. Давлатимиз томонидан импортёрларга берилган имконият ва имтиёзлар натижасида, айниқса, қиш пайтида истеъмол учун четдан картошка келтирилиб, бозорларимизда нарх барқарорлиги таъминланмоқда, аҳолининг “иккинчи нон”га бўлган эҳтиёжи қондириляпти.
Аммо яқин ва узоқ истиқболда халқимизни асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотидан бири бўлган картошка билан ўзимиз тўла таъминлашга эришмасак, вақтинчалик кўрилаётган бу чора мамлакатимиз иқтисодиёти учун қимматга тушиб бораверади.
Шунинг учун ҳам 2025 йил 8 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан “Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Қарорда мамлакатимизда истеъмол ва уруғлик картошка етиштириш жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш, аҳолининг картошкага бўлган талабини маҳаллий маҳсулот ҳисобидан таъминлаш, соҳани давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришнинг янги механизмлари белгиланди.
Жумладан, 2028 йилдан бошлаб ҳар йили унувчанлик даражаси 85 фоиздан паст бўлмаган камида 10 миллион (2026 йилда 4 миллион, 2027 йилда 6 миллион) дона картошка мини-туганакларини етказиб бериш, картошка етиштирувчи субъектларда 2027 йилдан 2030 йилгача 2,5 минг тоннадан 747 минг тоннагача юқори авлодли уруғлик картошка етиштириш, 2030 йилга бориб картошканинг ўртача ҳосилдорлигини 16-17 тоннадан 25-30 тоннага ошириш устувор мақсад қилиб қўйилди. Булунғур, Зомин, Бахмал, Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Китоб, Қўрғонтепа, Янгиқўрғон ва Сўх туманларида юқори авлодли уруғлик картошка етиштиришни йўлга қўйилиши белгиланди.
Уруғлик ин-витро лабораторияларида яратилади
Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларидаги ин-витро лабораториялари ва ҳимояланган иншоотларда картошканинг вирусли ва бактериал касалликлардан холи бўлган микро ва мини-туганаклари тайёрланади ҳамда давлат томонидан харид қилинади. Жумладан, 2026 йилда “ин-витро” ўсимликлари ва микротуганакларидан 10 миллион дона мини-туганак етиштириш вазифаси қўйилган.
– Картошка инсон кундалик истеъмол қиладиган, озиқ-овқат саватчасидан жой олган маҳсулот ҳисобланади, – дейди Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори, профессор Шавкат Ҳасанов. – Шу боис кейинги йилларда юртимизда картошкачиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг ўтган йил қабул қилинган қарори соҳа ривожида муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Қарорда картошка уруғчилигини йўлга қўйиш, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини ҳосилдор, турли касалликларга чидамли уруғлик билан таъминлаш ва шу орқали халқимизнинг бу маҳсулотга бўлган талабини ўзимизда етиштириш ҳисобига қондириш белгиланди. Ҳеч кимга сир эмас, биз шу пайтгача картошка экспорт қилувчи давлат бўлганимиз ҳолда охирги вақтларда, хусусан, пандемия шароитида картошкани четдан импорт қилишга мажбур бўлдик. Шунинг учун бугун ички бозор четдан келтирилган маҳсулот билан тўйинтириб турилибди. Худди шундай юқори авлод уруғликни ҳам Нидерландия, Франция, Россия, Покистондан олиб келяпмиз ва йилдан-йилга бу харажатлар ошиб кетмоқда. Уруғлик тан нархи кўтарилиб бориши ва айни пишиқчилик мавсумида картошка нархининг тушиб кетиши натижасида фермерлар бошқа экин турларини етиштиришга ўтиб кетмоқда. Иккинчи томондан, биз уруғлик масаласида хорижга боғланиб қоляпмиз.
Олимнинг қайд этишича, бугун айрим кишилар “картошкани ўзимиз етиштиргандан кўра, хориждан олиб келиш арзонга тушяпти” деган фикрни илгари сурмоқда. Тўғри, маълум вақт шундай ҳолат кузатилади, аммо бугунги мураккаб геосиёсий вазият, логистика муаммолари кучайиб бораётган пайтда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим маҳсулот туридан бири бўлган картошкачиликда хорижга қарам бўлиб қолиш керак эмас. Қолаверса, бу маҳсулот учун ҳар йили катта миқдордаги маблағнинг четга чиқиб кетиши мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади.
Институт бу йил 500 минг дона туганак тайёрлаб беради
Қарор асосида картошка уруғчилиги билан шуғулланадиган тизимлар ташкил этилди ва ин-витро усулида картошка ўсимлиги, микро ва мини туганаклари тайёрланиб, ўзимизнинг тупроқ ва иқлим шароитимизга мос картошка уруғчилиги йўлга қўйилмоқда. Бу ишга илмий-тадқиқот институтлари, тадбиркорлик субъектлари жалб қилинди ва жорий йилда улар томонидан 10 миллион дона мини туганак тайёрлаш белгиланган. Картошка етиштириш учун қулай ҳудуд бўлган Булунғур туманида уруғчилик билан шуғулланадиган “Булунғур-Агро Стар” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Жамият томонидан илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда картошка мини-туганакларидан супер-элита уруғларини тайёрлаш ишлари амалга оширилади.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида ҳам Корея республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ин-витро лабораторияси ва гидропоника усулидаги иссиқхонада бу йил юқори авлодли 500 минг дона туганак тайёрланмоқда.
Шавкат Ҳасановнинг таъкидлашича, янги тизим туфайли 2028 йилда мамлакатимизда картошка уруғчилиги бўйича эҳтиёж тўлиқ қондирилади ва сўнгра бу борада экспорт йўлга қўйилади. 2030 йилдан бошлаб эса картошкачиликни саноат асосида ривожлантиришга ўтилади ва қайта ишлаш орқали картошкадан 40 дан зиёд турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
– Картошкачилик юртимиздаги энг асосий тармоқ ҳисобланса-да ин-витро усулида уруғлик тайёрлаш биз учун янгилик, – дейди Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ўсимликшунослик кафедраси мудири, профессор Собир Санаев. – Бу энг тоза, навдор, сифатли уруғлик туганаклар ишлаб чиқариш имконияти. Айни пайтда юртимизга хориждан келтирилаётган юқори авлод картошка уруғлари учун давлатимиз томонидан катта маблағ сарфланмоқда. Қолаверса, хориждан келтирилган уруғлар биринчи йилдаёқ далада 15-20 фоизга касалланади. Бу эса ҳосилдорликка таъсир қилади ва кейинги йилларда касалланиш даражаси ошиб, ҳосил камайиб бораверади. Агар туганакни ўзимизда тайёрласак аввало харажат камаяди, иккинчидан, ўзимизнинг иқлим ва тупроқ шароитимизга мос, турли вирус ва бактериялардан холи уруғлик етиштирилади. Биз ҳам уч йилдан буён бу борада илмий тадқиқот ишлари олиб бориб, Нидерландия ва Кореядан келтирилган навларни юртимиз иқлимига мослаштирган ҳолда юқори авлод уруғлик етиштириш ҳаракатидамиз. Бу ишларимиз натижаси ўлароқ бу йил илк бор тоғолди ҳудудларидаги уруғчилик хўжаликларига 500 минг дона мини-туганак етказиб берамиз.
Янги лаборатория мини-туганаклари экишга тайёр
Самарқанд вилоятидаги “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги томонидан кореялик ҳамкорлар билан биргаликда Оқдарё туманида фаолияти йўлга қўйилган “Golden seed Samarkand” қўшма корхонаси давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилган субъектлардан бири. Айни пайтда бу ердаги ин-витро лабораторияси ва 4 гектарга яқин иссиқхонада хориждан келтирилган ва маҳаллий картошка навлари асосида юқори авлод уруғлиги тайёрланмоқда.
– Ўтган йил ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан ин-витро усулида картошка уруғи тайёрлайдиган ушбу лабораторияни ташкил этдик – дейди корхона раҳбари Ким Ми Гёунг хоним. – Ҳозир бу ерда 20 га яқин маҳаллий аҳоли вакилларига ўз тажрибаларимни ўргатяпман, биргаликда ишлаяпмиз. Лабораторияда махсус шароитда тайёрланган микро туганакларни иссиқхонада тупроққа экиб, мини туганаклар яратяпмиз. Кейин улар очиқ майдонларда экилади ва юқори ҳосилдор, вируслардан холи уруғлик картошка етиштирилади. Қисқа вақтда хориждан келтирилган ва маҳаллий ўндан ортиқ картошка навлари асосида 1 миллиондан кўпроқ мини туганак етиштиришга эришдик. Айни пайтда улар очиқ майдонларда экишга тайёр ҳолатда махсус омборда сақланмоқда. 2027 йилда 30 минг тонна супер-элита картошка уруғи тайёрлашни ва Ўзбекистондаги фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик корхоналарига етказиб беришни режалаштирганмиз. Умуман, лабораториямизда бир йилда 10 миллион дона мини туганак тайёрлаш имконияти мавжуд.
Кореялик мутахассиснинг айтишича, корхонада тайёрланаётган уруғликни фермер хўжаликларига тарқатишда уларнинг иқлим шароити, ер унумдорлиги ва тупроқ таркиби ўрганилади. Сўнгра шу асосида уларга тўғри келадиган нав тавсия этилади. Тегишли сертификатлар асосида уруғликнинг сифати ва ҳосилдорлигига кафолат берилади. Бунинг учун корхона лабораторияси ўсимликларни вирусларга текшириш ҳамда тупроқ таркибини ўрганувчи сўнгги авлод технологиялари билан жиҳозланган.
[gallery-28509]
– Шу пайтгача лабораториямизда тайёрланган микро туганаклар асосида биринчи иссиқхонамизда 1 миллиондан ортиқ мини туганак етиштирдик, – дейди корхона раҳбари ўринбосари Искандар Маҳмудов. – Ҳозир иккинчи иссиқхонамизда ҳам мини туганаклар қарийб тайёр бўлиб қолди ва бу ердан 5 миллионта туганак олишни кўзлаб турибмиз. Бу маҳсулотларимизни йилнинг иккинчи ярмида Тойлоқ туманидаги “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалигининг очиқ майдонларига экиб, супер-супер элита картошка уруғларини етиштирамиз. Келгуси йилдан эса фермерларга кафолатли уруғлик картошка етказиб беришни бошлаймиз. Шу тарзда 2028 йилга бориб юртимизга хориждан уруғлик картошка олиб келишга ҳожат қолмайди, 2029 йилдан бошлаб ўзимиз уруғлик экспорт қила бошлаймиз. 2030 йилдан эса картошкачилик кластери сифатида соҳани саноат асосида ривожлантиришга ҳисса қўшамиз.
Суҳбатдошларимизнинг фикрларидан келиб чиқиб, қолаверса, кўрган-кечирганларимиз асосида айтиш мумкинки, бугун юртимизда картошкачилик бўйича чиндан ҳам жуда катта мақсадлар кўзланган ҳолда ишлар бошланган. Ва бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. Демак, яқин бир-икки йилда бу борада эришган илғор тажрибаларимиз, иқтисодий самарадорлик ва фаровонлик ҳақида суҳбатлашишга имконият бўлади, албатта.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/p3CHQHhQTkY?si=SuWb1sZs8THxcHv0" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео, сурат),
ЎзА мухбирлари