Сув олиш тартибини бузган юридик шахсларга молиявий санкциялар қўлланилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 октябрдаги қарори билан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжларга сув олиш тартибини бузганлик учун молиявий санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга кўра, белгиланган лимитдан ортиқча сув олиш, сув олиш шартномасини расмийлаштирмасдан сув олиш, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламаган ҳолда сув олиш, сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномасиз сув олиш, ўзбошимчалик билан сув олиш – сув олиш тартибини бузиш деб ҳисобланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб йил давомида биринчи марта сув олиш тартибини бузган, лекин фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгалар мулкига зарар етказмаган юридик шахсларга нисбатан “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси татбиқ этилади.
Бундай ҳолда Инспекция юридик шахсни “suvnazorat.uz” электрон платформаси орқали огоҳлантиради ва кўрсатма беради. Ҳолат 10 кун муддатда бартараф этилмаса, молиявий санкция қўлланилади.
Молиявий санкция ҳар минг куб метр сув учун БҲМ асосида, Сув кодексининг 164-моддасида белгиланган фоиз миқдорида ҳисобланади.
Санкция қўлланилганидан кейин бир йил ичида тартиб такроран бузилса, санкция беш баравари миқдорида қўлланилади.
Қарор ва санкция ҳисоби олинган кундан бошлаб бир ой муддатда маблағнинг 50 фоизи ихтиёрий тўланса, юридик шахс қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Суммани олти ойдан кечиктирмасдан, ҳар ойда олтидан бир қисмидан кам бўлмаган миқдорда бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Бир ой ичида дастлабки тўлов тўланганда бу тартиб автоматик равишда амал қилади.
Санкция ихтиёрий тўланганда ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилмаган, деб ҳисобланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА