Сунъий интеллект учун Ўзбекистонда қандай маълумотлар базаси яратилади?
Сунъий интеллект қанчалик ақлли ишлаши кўп жиҳатдан унинг қандай маълумотлар билан «озиқланишига» боғлиқ.
Катта ҳажмдаги сифатли ва тизимлаштирилган маълумотлар эса янги рақамли ечимларни яратиш, давлат хизматларини такомиллаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш учун муҳим асос ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган ечимлар учун ягона маълумотлар платформасини ривожлантириш масаласи долзарб йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Корея Республикасида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов ҳамда IT Park Uzbekistan ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов Корея Миллий ахборот жамияти агентлиги — NIA вакиллари билан учрашиб, айнан шу масалаларни муҳокама қилди.
Мулоқотда Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш, маълумотлар инфратузилмасини шакллантириш ва давлат хизматларини рақамли трансформация қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувда сунъий интеллектга асосланган ечимлар учун маълумотлар платформаси ҳисобланган AI Data Hub’ни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сунъий интеллект моделларини ўқитиш учун зарур бўлган маълумотлар тўпламларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар AI Data Hub лойиҳаси доирасида ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишларини ишлаб чиқишни давом эттиришга келишиб олди.
Шунингдек, лойиҳани Ўзбекистонда амалга оширишда NIA томонидан кўрсатиладиган экспертлик ёрдамининг шакли ва ҳажмини батафсил белгилаш режалаштирилган.
Миллий ахборот жамияти агентлиги — NIA Корея Республикасининг рақамли трансформация ва ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослашган давлат агентлиги ҳисобланади. 1987 йилда ташкил этилган агентлик сунъий интеллект, рақамли ҳукумат, маълумотлар, АКТ инфратузилмаси ва рақамли таълим соҳаларида лойиҳаларни амалга оширади.
Агентликнинг бу борадаги тажрибаси ҳам салмоқли. Хусусан, 2025 йилда NIA AI Hub платформаси орқали сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиш ва ўқитиш учун қарийб 1,18 миллиард бирликдаги давлат маълумотларини тақдим этган.
Эндиликда томонлар ушбу тажрибадан Ўзбекистонда сунъий интеллект ва рақамли ҳукумат инфратузилмасини ривожлантиришда қандай фойдаланиш мумкинлигини биргаликда ўрганади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА