Фарғона III халқаро медиафоруми
Матбуотнинг «тўртинчи ҳокимият» мақомига эришишида асосий шарт холислик ва қатъий ёндашувдир, дея таъкидладилар Фарғона III халқаро медиафоруми иштирокчилари. Зеро оммавий ахборот воситаси жамоатчилик фикрини шакллантиришда устуворликка эга. Жамиятнинг соғломлиги эса ахборотнинг холислигига ҳам боғлиқ.
Бу каби назарий фикрлар, амалий тажрибага асосланган хулоса ва таклифлар «Ижтимоий онгнинг шаклланишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни» мавзусидаги халқаро конференция минбаридан янгради. Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташкил этган анжуманда Россия, Хитой, Япония, Туркия, Ҳиндистон, Беларусь каби 12 та хорижий мамлакат журналистлари иштирок этдилар.
– Аввало, Фарғона халқига Ҳиндистон журналистлари бирлашмасидан саломларимизни олиб келдик, – дейди «Diplomacy India» агентлиги бош муҳаррири Амея Сатайе. – Фарғона халқаро конференцияси дунёдаги мураккаб сиёсий курашлар чоғида матбуотнинг ўзига хослиги масаласида фикр алмашиш майдонига айланди. Мен бу ерда қитъанинг таниқли журналистларини учратиб, фикрларимизни очиқ-ойдин айтдик. Матбуот кучини дунёни, одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга сафарбар этишимиз керак, деб ҳисоблайман.
– Бугун биз анжуманлар майдонида фактчекинг, яъни медиа саводхонликни ривожлантиришдаги умумий нуқталарни ҳам белгилаб оляпмиз. Шу билан биргаликда, ахборот алмашинувида энг долзарб вазифалар, энг долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдик. Шу нуқтаи назардан, мана шундай анжуманлар халқаро журналистикани, умуман дунё майдонидаги ахборот маконини ишончли, текширилган ахборотлар билан тўлдиришда ҳам айни муддао бўлади, – дейди “Янги Ўзбекистон” – “Правда востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров.

– Давлатларимиз раҳбарлари ўзаро ҳамкорликнинг янги шаклларини топдилар. Энди биз, журналистлар ҳамкорликни кучайтиришимиз, муштарак ғоялар моҳиятини халқларимизга теран етказишимиз лозим, – дейди Туркиянинг «TRT» телевидениеси шуъба мудири Топчу Эрдоған. – Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими бу борада ибратли ташаббус билан чиқибди. Биз Осиё ва Европа мамлакатлари журналистларининг яқин давр стратегиясини шакллантиришга ҳаракат қилдик. Яна бир жиҳатни айтмоқчиман: Ўзбекистон ҳавас қилгулик даражада гўзал диёрга айланмоқда. Бундай ўзгаришлар Президент Мирзиёевнинг улкан ислоҳотлари натижаси экани турк дунёсига маълум.
Конференция иштирокчилари Фарғона вилоятининг ноёб саноат ва қишлоқ хўжалиги, илм ва маданият марказлари билан ҳам танишдилар. Қувасойдаги «CROWN CERAMIC» ва «Marwin fruitline» корхоналарига бордилар. «GLOBAL TEXTILE INFINITY» цехларини айланар эканлар, қўшимча қиймат яратиш тажрибасини таҳлил қилдилар. Айниқса, Қўштепа туманидаги пахта далалари уларда унутилмас таассурот қолдирди. Туркия ва Озарбайжон телевидениеларининг янгиликлар дастурига пахта майдонларидан тўғридан-тўғри кўрсатувлар қилинди.

– Бугун мен ушбу заводга ташриф буюриб у жуда замонавий, юқори технологиялар асосида жиҳозланганини кўрдим. Мени қизиқтирган асосий саволлардан бири – корхона маҳсулотлари Хитойга экспорт қилинадими, деган масала бўлди. Чунки бугунги кунда Хитойда жуда катта бозор мавжуд. Корхона масъуллари ҳам бизга ишлаб чиқарилаётган шарбат маҳсулотлари Хитой бозорига экспорт қилинаётгани ҳақида маълумот беришди. Айниқса, маҳаллий хомашё асосида тайёрланаётган маҳсулотларнинг Хитой каби йирик бозорга чиқарилаётгани мен учун жуда қизиқ ва муҳим маълумот бўлди, – дейди Хитойнинг CNS ахборот агентлиги мухбири Шан Лу.

– Мен Япониядан ташриф буюрган журналистман. Фарғона тўқимачилик саноати ҳақида Японияда ҳам яхши маълумотлар бор. Шунинг учун бугун вилоятдаги замонавий тўқимачилик корхоналаридан бирида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини бевосита кўриш мен учун жуда қизиқарли бўлди. Менимча, бундай корхоналар нафақат янги иш ўринларини яратиш, балки маҳаллий хомашёга қўшимча қиймат қўшиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Японияда сифатли мато ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларига талаб юқори. Шу нуқтаи назардан Фарғонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва бу соҳадаги имкониятлар менда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Япониянинг “KYODO NEWS” ахборот агентлиги мухбири Кашимура Нана.
Халқаро медиафорум иштирокчилари Олтиариқ узумзорлари, Марғилон Ҳунармандчилик маркази, Бурҳониддин Марғиноний мажмуасидаги «Атлас» байрамида бўлиб чексиз таассурот олдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/587TV9tOd4A" title="Farg`ona Osiyo matbuotining bir kunlik markaziga aylandi." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео,сурат), ЎзА