Судьялар ва тадбиркорлар мулоқоти
Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти бошқармасида суд тизими ходимлари ва тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг бу йилги анъанавий тадбиркорлар билан мулоқоти олдидан ташкил этилган тадбирда “Медиация тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳамда низоларни судсиз, ўзаро келишув асосида ҳал этишнинг афзалликлари ҳақида сўз юритилди.
Дастлаб, Самарқанд вилояти ҳамда туманлараро иқтисодий судлар судьялари қонуннинг ўзига хос хусусиятлари, хорижий тажриба ва миллий амалиёт тўғрисида маълумот берди. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги келишмовчиликларни медиация тартиб-таомиллари орқали бартараф этиш энг самарали йўл эканлиги қайд этилди.

– Медиациянинг бошқа ҳуқуқий жараёнлардан афзаллиги шундаки, бундан икки томон ҳам ютади, – деди Самарқанд вилояти судининг судьяси Б.Жўраев. – Низолар ойлаб давом этадиган суд мажлисларисиз, қисқа муддатда, ҳатто бир кунда ҳал этилиши мумкин. Энг муҳими, ортиқча суд божлари, адвокат ёки экспертлар хизмати учун сарфланадиган чиқимларнинг олди олинади. Якуний қарорни эса суд эмас, тарафларнинг ўзлари қабул қилади. Бу усул бизнес вакилларининг вақтини ва маблағини тежайди.


Тадбирда таъкидланганидек, медиатив келишув жараёни мутлақо махфий бўлиб, тадбиркорларнинг ишчанлик обрўсини сақлаб қолишга хизмат қилади. Қолаверса, тарафлар исталган вақтда ушбу жараённи тўхтатиш ҳуқуқига эга.
Давра суҳбати давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, иш фаолиятлари билан боғлиқ айрим масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири