Ўзбекистон ва “Traxys” компанияси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди
Муҳим минерал ресурсларни ўзлаштириш, уларни чуқур қайта ишлаш ва соҳага инвестициялар жалб этиш Ўзбекистон тоғ-кон саноатини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада халқаро компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“C5+1” бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов Американинг "Traxys" компанияси бош ижрочи директори Марк Кристофф билан учрашди.

Мулоқотда муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, геология-қидирув ишларини олиб бориш, минерал хомашёни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, инвестицияларни жалб этиш, илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув "Traxys" компанияси билан аввал ўтказилган музокараларнинг давоми бўлди. Аввалги мулоқотларда тоғ-кон ва геология соҳасини трансформация қилиш, инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш ва истиқболли лойиҳалар бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилган эди.

Томонлар тармоқ корхоналари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш учун имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Ўзбекистон томони қўшма ташаббусларни амалга оширишда зарур кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди. "Traxys" раҳбарияти эса мамлакатдаги истиқболли лойиҳаларда иштирок этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва "Traxys" компанияси ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан битим имзоланган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА