Икки ҳудуд ўртасидаги мулоқотнинг янги саҳифаси очилди
Корея Республикаси Кёнсан-пукто провинцияси Андонг шаҳри депутатлар кенгаши раиси ўринбосари Сон Кван Ён бошчилигидаги делегациянинг Бухоро вилоятига ташрифи Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатларни ҳудудлар даражасида янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ташриф аввало икки ҳудуднинг мавжуд салоҳияти, бошқарув тажрибаси ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини бевосита ўрганишга қаратилди. Кореялик меҳмонлар вилоят ҳокимлигининг Рақамли бошқарув маркази фаолияти билан танишиб, замонавий рақамли технологиялар асосида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва ҳудудни бошқаришда рақамли ечимлардан фойдаланиш тажрибасига эътибор қаратдилар.
Ташрифнинг муҳим қисми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов, вилоят Кенгаши раиси Ж. Ашуров, вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида ўтказилган учрашув билан давом этди.
Мулоқотда бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутаётган ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, мамлакат ҳудудларининг хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри алоқаларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар бугун ўзининг амалий самарасини ҳудудлараро мулоқотларда ҳам намоён этмоқда. Зеро, замонавий дипломатия энди фақат пойтахтлар ўртасидаги мулоқот билан чекланмай, вилоят ва шаҳарлар даражасидаги амалий ҳамкорликни ҳам қамраб олмоқда.
Учрашувда Бухоро ва Андонг ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, маҳаллий Кенгашлар ўртасида тажриба алмашиш ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, туризм, маданият ва гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик учун имкониятлар кенг экани таъкидланди. Кореянинг илғор агротехнологиялари, сув ва ресурс тежамкор усуллари, қайта ишлаш ва юқори қўшилган қиймат яратадиган ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш борасидаги тажрибаси Бухоро вилояти учун амалий аҳамиятга эга.

Учрашувда маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида урғу берилди. Бу эса Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар, жумладан, маҳаллий вакиллик органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган ёндашувлар билан ҳамоҳангдир.
Умуман, Корея делегациясининг Бухорога ташрифи икки ҳудуд ўртасидаги мулоқотнинг янги саҳифасини очди. Бу ташрифни иқтисодий манфаатлар уйғунлиги, тажриба алмашинуви ва маданий яқинликни бир нуқтада бирлаштирган муҳим мулоқот сифатида баҳолаш мумкин.
Энг муҳими, бугун Бухоро ва Андонг ўртасида шаклланаётган ҳамкорлик нафақат икки ҳудуд, балки Ўзбекистон — Корея муносабатларининг ҳудудлараро даражадаги амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этмоқда. Истиқболда бу мулоқот янги инвестициявий лойиҳалар, қўшма ташаббуслар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири