Стандарт талабларига жавоб бермайдиган дазмоллар савдодан олинди
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлими томонидан савдо шохобчаларида бозор назорати тадбирлари ўтказилди.
Назорат тадбирлари давомида реализация қилинаётган дазмоллардан намуналар олиниб, уларнинг хавфсизлик кўрсаткичлари ҳамда амалдаги стандартлар талабларига мувофиқлиги лаборатория синовлари орқали текширилди.
Лаборатория таҳлиллари учун "MEGA" бренди остида сотувга қўйилган дазмол маҳсулотларидан намуналар олинди. Синов натижаларига кўра, Хитойдан импорт қилинган мазкур маҳсулот амалдаги стандартлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.

Хусусан, маҳсулот тегишли давлатлараро стандартнинг бир неча бандлари талабларига номувофиқ экани тасдиқланди.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан савдо шохобчаларига огоҳлантириш хатлари юборилди. Шунингдек, мазкур маҳсулотларни савдодан чиқариш ҳамда уларнинг реализациясини тўхтатиш бўйича белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА