Давлат органлари ва ташкилотларида 3 мингга яқин манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасида амалга оширилган ишлар комплекс таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари томонидан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги 336 хабарнома тақдим этилган. Шунингдек, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви юзасидан жами 627 минг 385 декларация тўлдирилган.
Ушбу ҳужжатлар таҳлили натижасида жами 2 минг 951, жумладан, 446 мавжуд ҳамда 2 минг 505 эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви аниқланди.
Шунингдек, 865 ҳолат (446 мавжуд ҳамда 419 эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли тартибга солиш чоралари кўрилиши натижасида бартараф этилди.
Жумладан, 138 нафар ходим бошқа раҳбар бўйсунувига ўтказилди. 11 нафар ходим коллегиал орган таркибидан ихтиёрий чиқди. 21 нафар ходимнинг лавозим мажбуриятлари ва хизмат ваколатлари қайта кўриб чиқилди. 51 нафар ходимнинг айрим ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланиши чекланди.
301 нафар ходимнинг якка тартибда қарор қабул қилиш ваколати устидан коллегиал назорат ўрнатилди. 87 нафар ходимга шахсий манфаатдорликни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди. 196 нафар ходим шахсий манфаатдорлигидан ихтиёрий воз кечди. 60 нафар ходим бошқа тенг лавозимга ўтказилди ёки меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ўрганишлар давомида вазирликлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича белгиланган чекловларга риоя этилмаган жами 831 ҳолат (вазирликлар тизимида – 60 та, маҳаллий ҳокимликларда – 771 та) аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-4-моддасига кўра, 168 маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли суд қарорларига асосан жарима жазоси тайинланди.
Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатларининг олдини олиш чоралари давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА