Иккинчи мутахассислик учун қабул бошланди: янги касб ва янги имконият сари муҳим қадам
2026 йил 10 июлдан бошлаб олий маълумотга эга фуқаролар учун бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олишга ҳужжатлар қабул қилиш жараёни расман старт олди. Энди турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар ўз касбий билимларини кенгайтириш, янги йўналишни эгаллаш ёки меҳнат бозори талабларига мослашиш имконига эга бўлади.
Бугунги кунда меҳнат бозорида фақат битта мутахассислик билан чекланиб қолиш етарли эмас. Рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, инновацион технологиялар ва хизматлар соҳасининг жадал ривожланиши инсондан доимий ўқиш ва ўз устида ишлашни талаб қилмоқда. Шу нуқтаи назардан иккинчи олий таълим нафақат диплом, балки янги имкониятлар эшигини очувчи муҳим восита ҳисобланади.
Ҳужжатлар 2026 йил 10 августга қадар my.edu.uz платформаси орқали электрон шаклда қабул қилинади. Абитуриентлар ариза топширишда фуқаролик паспорти ёки ID-карта маълумотлари, бакалавр дипломи ҳамда унинг иловасининг электрон нусхаси, шунингдек, ўқиш истагини билдирган олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини танлаши лозим.
Шу билан бирга, хорижий давлатлар таълим муассасалари томонидан 1992 йил 1 январдан кейин берилган дипломлар белгиланган тартибда нострификациядан ўтказилган бўлиши шарт.
Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим бўйича қабул параметрлари марказлашган тарзда эмас, балки ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан мустақил белгиланади. Бунда университетнинг илмий-педагогик салоҳияти, профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда моддий-техник базаси инобатга олинади. Бу эса таълим сифатини таъминлаш ва имкониятларни реал ҳолатдан келиб чиқиб режалаштиришга хизмат қилади.
Албатта, иккинчи олий таълим тўлиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бироқ бугунги рақобат шароитида қўшимча билим ва янги мутахассисликка эга бўлиш келгусида юқори даромадли иш ўрни, лавозим ўсиши ёки янги соҳада фаолият бошлаш учун муҳим инвестиция ҳисобланади.
Бугун иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида кўп тармоқли билимга эга мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Масалан, муҳандис иқтисод соҳасини, ҳуқуқшунос ахборот технологияларини, педагог эса психология ёки менежментни чуқур ўрганиши орқали ўз меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини сезиларли даражада ошириши мумкин.
Иккинчи мутахассисликни танлаш — бу шунчаки яна бир диплом олиш эмас. Бу инсоннинг ўз келажагига, билим ва малакасига қаратилган узоқ муддатли сармоя бўлиб, замон билан ҳамнафас ривожланишнинг энг самарали йўлларидан бири ҳисобланади. Шу боис, ўз фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни истаган фуқаролар учун мазкур қабул жараёни муҳим имконият сифатида баҳоланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА