“SQB Investor Day”: глобал молия институтлари ва инвесторлар билан очиқ мулоқот
Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Бош офисида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “SQB Investor Day” халқаро тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда халқаро молия институтлари, инвестиция фондлари, консалтинг компаниялари, давлат ва хусусий сектор вакиллари ҳамда банкнинг йирик корпоратив мижозларидан иборат 300 га яқин иштирокчи қатнашди.
Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, корпоратив бошқарувнинг замонавий механизмларини жорий этиш ва миллий капитал бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. “SQB Investor Day” тадбири ана шу ислоҳотлар натижасида шаклланган инвестиция муҳити ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини намоён этувчи муҳим мулоқот платформаси бўлди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон молия секторини ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, корпоратив бошқарувнинг илғор тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда халқаро ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, SQBнинг 2025 йил якунлари бўйича молиявий натижалари тақдим этилди. Жумладан, банк активлари 102 трлн сўмдан ошгани, соф фойдаси 1,9 трлн сўмни ташкил этгани ва ташқи молиявий ресурслар ҳажми 1,2 млрд АҚШ долларидан ортгани қайд этилди.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан 2025 йилда Лондон фонд биржасида қўшимча биринчи даражали капитал облигацияларининг (AT1) муваффақиятли жойлаштирилгани алоҳида эътироф этилди. Мазкур битим SQBнинг халқаро капитал бозорларидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, хорижий инвесторлар доирасини кенгайтиришга хизмат қилди.

– Бугунги кунда халқаро инвесторлар билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ҳар қандай молия институтининг барқарор ривожланиши учун муҳим омил ҳисобланади, – деди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Абдурашид Ҳакимов. – SQB мазкур йўналишда халқаро капитал бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва инвесторлар билан узоқ муддатли шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Банкнинг молиявий натижалари, халқаро бозорларда амалга оширган муваффақиятли битимлари ҳамда хорижий молия институтлари билан ҳамкорлик кўламининг кенгайиб бораётгани бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини тасдиқламоқда. “SQB Investor Day” каби платформалар эса инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, янги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама этиш ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, J.P. Morgan, “Citibank”, “Standard Chartered Bank”, “Deutsche Bank”, “AKA Bank” ҳамда бошқа халқаро молия институтлари ва банклар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Музокараларда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, савдо операцияларини қўллаб-қувватлаш, капитал бозорлари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларига қўшимча молиявий ресурслар жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир якунида SQB билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун қатор халқаро молия институтлари ва банклар турли номинациялар бўйича тақдирланди.

Хусусан, “Кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш бўйича энг яхши ҳамкор” номинацияси Европа тикланиш ва тараққиёт банкига, “Бизнес трансформацияси бўйича энг яхши ҳамкор” номинацияси Халқаро молия корпорациясига, “Савдо ва таъминот занжири молияси бўйича энг яхши ҳамкор” номинацияси Осиё тараққиёт банкига, шунингдек, “Энг яхши транзакцион хизматлар бўйича ҳамкор” номинацияси J.P. Morgan Chase, “Савдо молияси бўйича энг яхши ҳамкор” номинацияси “Mashreq Bank”, “Қарз капитал бозорлари бўйича энг яхши ҳамкор” номинацияси “Citibank”, “Қарз ва кредит ечимлари бўйича энг яхши ҳамкор” номинацияси “Deutsche Bank”, “Йилнинг энг яхши дебют ҳамкори” номинацияси “Standard Chartered Bank”, “Валюта операциялари бўйича энг яхши ҳамкор” номинацияси “Commerzbank” ҳамда “Узоқ муддатли ишончли ҳамкор” номинацияси “AKA Bank”га топширилди.
“SQB Investor Day” иштирокчилари фикри
Мариус Дан,
“Templeton Global Investments” компаниясининг
Марказий Осиё бўйича бош директори
– Ўзсаноатқурилишбанк Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция фонди портфелидан ўрин олганидан жуда мамнунман.
“SQB Investor Day” тадбири айни шу жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Чунки бугун Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг Лондон ва Тошкент фонд биржаларида жойлаштирилганига бир ой тўлди. Қарийб 700 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги мазкур IPO инвесторлар томонидан юқори қизиқиш билан қарши олинди ва Ўзбекистон активларига бўлган ишонч ортиб бораётганини намоён қилди.
Биз Миллий инвестиция жамғармаси билан биргаликда портфелдаги компанияларни капитал бозорига олиб чиқиш устида ишлаяпмиз. SQB ушбу портфелдаги ягона банк активи бўлиб, унинг ўсиш салоҳияти юқори. Банк акцияларини халқаро фонд бозорида ҳам рўйхатга олиш режаси SQBнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бугун Ўзбекистон глобал институционал инвесторлар эътибор марказига айланган. Энди эса ана шу ишонч ва қизиқишдан самарали фойдаланиб, янги капитал бозори битимларини амалга ошириш муҳим.Чунки мамлакатга халқаро капитал бозорида муваффақиятли лойиҳалар кўпроқ керак. Ишонамизки, Ўзбекистон ҳукуматининг кўмаги билан мамлакат халқаро капитал бозорларида бундан ҳам кўпроқ муваффақиятли битимларни амалга оширади.
Франсис Малиж,
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг
молия институтлари билан ишлаш бўйича
бошқарувчи директори
– Тошкент халқаро инвестиция форуми ва унинг доирасида ташкил этилган “SQB Investor Day” тадбири Ўзбекистоннинг халқаро инвестиция майдонидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, корпоратив бошқарув стандартларини такомиллаштириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда. Бу, ўз навбатида, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаб, мамлакат иқтисодиётига янги капитал оқимларини жалб қилиш учун қулай шароит яратмоқда.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон банк сектори билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, SQB каби етакчи молия институтлари иқтисодиётнинг реал секторини молиялаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва капитал бозорларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Мазкур ҳамкорлик мамлакат иқтисодиётига инвестициялар жалб этиш ва хусусий сектор имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, биз амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аниқ натижаларини кўряпмиз. Бугун Ўзбекистон замонавий, рақобатбардош ва барқарор иқтисодиётни шакллантириш йўлида изчил ҳаракат қилмоқда. Мамлакатда иқтисодий тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган ўзгаришлар изчил давом этаётгани халқаро инвесторлар учун ҳам муҳим ижобий кўрсаткич ҳисобланади. Келгусида ҳам бу жараён халқаро инвесторлар учун янги имкониятлар яратишига ишонамиз.
Саиф Малик,
“Standard Chartered UK”
Бошқарув раиси
– “Standard Chartered” Ўзбекистон бозорида қарийб тўрт йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида мамлакатнинг етакчи компаниялари, йирик корпоратив мижозлари ҳамда ҳамкоримиз SQB билан молиялаштириш йўналишида самарали муносабатларни шакллантирдик.
Бугунги кунда банк дунёнинг 50 дан ортиқ бозорида фаолият олиб боради ва халқаро капитални истиқболли инвестиция лойиҳалари билан боғловчи молиявий институт сифатида фаолият юритади. Асосий вазифамиз молиявий ресурсларни юқори ўсиш салоҳиятига эга бозорлар ва лойиҳаларга йўналтиришдан иборат.
Ўзсаноатқурилишбанк билан тўрт йилдан буён инвестиция жалб қилиш ва молиялаштириш бўйича ишлаб келмоқдамиз. “SQB Investor Day” тадбирида ана шу самарали фаолиятимиз эътироф этилди. Бу биз учун катта шараф. Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш тарихи бир қисми бўлишдан мамнунмиз.
Марк Венчик,
AKA Bank Бошқарув раиси
– SQB билан ҳамкорлигимиз кўп йиллик тарихга эга бўлиб, ўзаро ишонч ва самарадорлик асосида ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда биз Ўзбекистон саноати ва хусусий секторини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор экспорт молиялаштириш лойиҳаларини биргаликда амалга оширмоқдамиз.
Ушбу ҳамкорлик мамлакат корхоналари учун замонавий технология ва ускуналарни жалб қилиш имкониятларини кенгайтираётган бўлса, иккинчи томондан, SQB орқали тадбиркoрлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.
Биз SQBнинг трансформация жараёнларини, халқаро молия бозорларидаги фаоллигини ва корпоратив бошқарув соҳасидаги ютуқларини юқори баҳолаймиз. Ишонамизки, олдинда банк билан янада йирик инвестиция ва савдо-молиялаштириш лойиҳаларини амалга ошириш имконияти мавжуд. Шу боис SQB билан стратегик ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан манфаатдормиз.