Ромитан ғаллакорларининг меҳнат ва барака тантанаси
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорлар, замонавий техника ва инновацион технологияларни жорий этиш борасида яратилаётган имкониятлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ғаллакорлари томонидан қўлга киритилган навбатдаги меҳнат зафари бунинг яна бир ёрқин исботи бўлди. Миришкор деҳқонлар йил давомида амалга оширган самарали меҳнатлари эвазига давлатга дон топшириш бўйича белгиланган режани ортиғи билан бажариб, улкан хирмон яратишди.
Жорий деҳқончилик мавсумида тумандаги 401 та фермер хўжалиги томонидан 6410 гектар майдонда серҳосил навларга мансуб бошоқли дон етиштирилди. 2026 йил ҳосили учун давлат омборларига 21 минг 770 тонна ғалла топшириш режалаштирилган эди. Аммо ғаллакорларнинг фидокорона меҳнати, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши натижасида бу марра муддатидан аввал забт этилди.
Айни кунда давлат омборларига 21 минг 800 тоннадан ортиқ бошоқли дон топширилиб, шартномавий режа ортиғи билан бажарилди. Бу натижа замирида минглаб инсонларнинг ҳалол меҳнати, билим ва тажрибаси, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар мужассам.

Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида ҳудудда барча зарур шароитлар яратилди. Ғалла ўримига жалб этилган комбайн ҳайдовчилари, механизаторлар ва фермерлар учун дала шароитида иссиқ овқат, дам олиш жойлари ҳамда кўчма техник хизмат кўрсатиш шахобчалари ташкил этилди. Бу эса меҳнат унумдорлигини янада оширишга хизмат қилди.
Ҳосилни қисқа муддатда ва нобудгарчиликсиз йиғиб олиш учун техник имкониятлар тўлиқ сафарбар қилинди. Техник кўрикдан ўтказилган 28 та юқори унумдор комбайн, юздан ортиқ юк автотранспорт воситалари, 3 та кўчма устахона ва 5 та ёқилғи тарқатиш агрегати узлуксиз хизмат кўрсатди. Шу боис ҳар бир кун, ҳар бир соатдан самарали фойдаланилди.
Ромитан тумани ғаллакорлари эришган яна бир муҳим ютуқ шундаки, айрим пешқадам фермер хўжаликларида ҳар гектар ердан 75-80 центнергача ҳосил олинди. Бу эса нафақат вилоят, балки республика миқёсида ҳам юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай натижаларга эришишда сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, минерал ва маҳаллий ўғитларни меъёрида қўллаш, замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда тажрибали миришкорлар маслаҳатларига таяниб иш юритиш муҳим аҳамият касб этган.
Эътиборлиси, бугун мамлакатимизда фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий техника ва ресурслар билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ер унумдорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Давлат раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилган ташаббуслар бугун ана шундай юксак натижаларда ўз аксини топмоқда.

Режа бажарилганига қарамасдан, даладаги ишлар ҳали давом этмоқда. Зеро, ҳақиқий деҳқон учун ҳар бир дон қадрли. Шу боис ғалла ўрим-йиғими уюшқоқлик билан давом эттирилиб, ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиб олиш чоралари кўрилмоқда.
Ромитан ғаллакорларининг бугунги меҳнат ғалабаси — бу шунчаки рақамлар ёки статистика эмас. Бу — юрт ризқи учун сидқидилдан қилинган меҳнат, ерга берилган меҳр ва эл дастурхони тўкинлиги йўлида фидокорона хизматнинг амалий ифодасидир. Ана шундай меҳнаткаш инсонлар бор экан, мамлакатимиз дастурхонидан барака, халқимиз хонадонларидан фаровонлик аримайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири