Бухорога Европа ва Эрон тажрибаси кириб келмоқда
Бугунги кунда Бухоро вилоятида инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда. Айниқса, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва маҳаллий шароитга мослаштириш орқали юқори қўшимча қиймат яратадиган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Эроннинг қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “SamArian” компанияси таъсисчи-бош муҳандиси Таҳаддосий Маҳди Муҳаммад ҳамда Голландиянинг уруғчилик ва кўчатчилик соҳасида фаолият юритувчи “Gold BV” компанияси раҳбари Ван Дер Вен билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Эронлик мутахассис Таҳаддосий Маҳди Муҳаммад томонидан Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини ишлаб чиқариш, уларни маҳаллийлаштириш ҳамда фермер хўжаликларига етказиб бериш бўйича истиқболли бизнес-режалар тақдим этилди. Лойиҳада аграр тармоқ эҳтиёжларига мос, замонавий ва иқтисодий самарадор техникалар ишлаб чиқариш назарда тутилган.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов мазкур ташаббусларни юқори баҳолар экан, Бухорода Эрон тажрибаси асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилишга тўлиқ тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, у Эроннинг аграр соҳадаги бой тажрибасини ҳисобга олган ҳолда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда экспорт-импорт йўналишларида ҳам ҳамкорлик имкониятлари кенг эканлигини таъкидлади.
Голландиялик тадбиркор Ван Дер Вен билан бўлиб ўтган мулоқот ҳам амалий аҳамияти билан ажралиб турди. Суҳбат жараёнида Бухорода Голландия технологиялари асосида экспортбоп гулчиликни ривожлантириш, юқори ҳосилдор картошка навларини етиштириш ҳамда уруғчилик соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, Голландия дунёда гулчилик ва уруғчилик соҳасида етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. У ерда қўлланилаётган инновацион технологиялар қисқа майдондан юқори ҳосил олиш, маҳсулот сифати ва экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради. Ана шу илғор тажрибани Бухоро шароитида татбиқ этиш эса вилоят аграр тармоғининг рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади.

Учрашувлар давомида хорижий инвесторлар Бухоро вилоятининг иқтисодий салоҳияти, қулай инвестиция муҳити ва тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни юқори баҳолади. Томонлар истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, технологиялар трансферини йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Бухорода Эрон ва Голландия компаниялари билан ўтказилган мазкур учрашувлар нафақат инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, балки вилоят қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Агар мазкур лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилса, Бухоро яқин йилларда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш, замонавий уруғчилик, картошкачилик ва гулчилик соҳаларида мамлакатнинг етакчи ҳудудларидан бирига айланиши мумкин. Энг муҳими, бу ҳамкорликлар янги иш ўринлари, юқори даромад ва экспорт ҳажмининг ўсиши орқали аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири