Спорт инсон саломатлиги ва юқори натижалар гарови бўлиш билан бирга даромад келтирадиган соҳага ҳам айланиши зарур – Президент
Яқинда имзоланган Президент қарори билан спортга ҳомийлик қиламан деган тадбиркорлар учун манфаатли шароитлар яратилди. Эндиликда федерация бир йиллик харажатининг 20 фоизи миқдорида ҳомийлик қилган тадбиркор бошқарув аъзолари таркибига киради. Профессионал футбол клубининг йиллик 20 фоиз харажатини қоплаган тадбиркор клубни ишончли бошқарувга олиши мумкин бўлади.
–Умуман, Ўзбекистонда спорт инсон саломатлиги ва юқори натижалар гарови бўлиш билан бирга даромад келтирадиган соҳага ҳам айланиши зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Мисол учун, футбол бўйича миллий чемпионат ўйинлари баъзида иш вақтида ўтказилаётгани, шу боис, мухлислар ташрифи кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Агар ўйин вақти дам олиш куни ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгиланса, стадионлар атрофида аҳолига қизиқарли қўшимча хизматлар, мусиқий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинса, ўйин кунлари мухлислар учун қулай транспорт қатнови йўлга қўйилса, рақиб жамоа мухлисларига арзон футбол турпакетлари таклиф қилинса, клублар учун 2-3 карра кўп тушум, мухлислар учун мазмунли ҳордиқ, тадбиркорларга қўшимча даромад бўлади.
Мутасаддиларга мана шу ишлар орқали стадионларга мухлислар ташрифини кескин ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
ЎзА