Чехия Республикаси Бош вазири Ўзбекистонга келди
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш 29 апрель куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Олий мартабали меҳмонни “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Шундан сўнг Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Мамлакатимиз ўтмиши ва келажаги тимсоли саналган Мустақиллик монументи Янги Ўзбекистон маънавиятининг гултожидир. У ерда камолот соҳиблари бўлмиш аждодларимиз сиймоси акс этган.
Чехия Бош вазири умрини юрт тараққиёти, эл фаровонлиги йўлида илм-маърифат билан ўтказган аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Юртимиз тарихи, дунё тамаддунига ҳисса қўшган боболаримиз маърифати ҳақида маълумот берилди.
Тошкент шаҳрида Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида икки давлат ишбилармон доираларининг қўшма бизнес форуми ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш иштирок этди.
Форумда икки мамлакатнинг етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари ва молиявий тузилмалари вакиллари жам бўлди. Хусусан, Чехия делегацияси таркибидан машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика ва транспорт-логистика соҳаларида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ йирик компания раҳбарлари жой олди.
Таъкидланганидек, сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошди. Бугунги кунда мамлакатимизда Чехия капитали иштирокида 36 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Фармацевтика, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва туризм соҳалари ўзаро ҳамкорликнинг муваффақиятли йўналишлари сифатида қайд этилди.
Музокаралар давомида иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишнинг қатор истиқболли йўналишлари ҳақида сўз борди.
Чехия компаниялари мис ва бошқа рангли металларни қазиб олиш, уларни чуқур қайта ишлаш ҳамда тоғ-кон техникаларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди.
Гидроэлектр станциялар қуриш, когенерация ускуналарини ўрнатиш, соҳани рақамлаштириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг IT-парклари ва соҳадаги 100 мингдан зиёд мутахассис салоҳиятидан фойдаланган ҳолда учинчи давлатлар бозори учун қўшма рақамли маҳсулотлар яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мамлакатимиздаги кимё кластерлари негизида минерал ўғитлар, полимерлар ва маиший кимё воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Икки давлатнинг географик жойлашуви стратегик аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Бу Ўзбекистон учун Европа Иттифоқи бозорига, Чехия учун эса Марказий Осиё бозорига чиқишда дарвоза вазифасини ўтайди. Шу муносабат билан, паритет асосида савдо уйлари ва логистика марказларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистон томони чехиялик инвесторлар учун махсус саноат паркларида яратилган имкониятлар ва Европа компаниялари учун тақдим этилаётган алоҳида имтиёзларга тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Чехия Бош вазири ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдириб, аниқ инвестициявий таклифларини тақдим этди.
Форум якунида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар ва битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш нафақат юртимиз, балки бутун дунё гавҳарига айланган Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига борди.
Ислом цивилизацияси маркази илмий, маърифий ҳамда тарихий нуқтаи назардан ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприкдир. Бугун унинг фаолияти бутун дунё диққат марказида бўлиб келмоқда.
Бу ерга ташриф буюрувчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Мажмуа ҳақида тарқатма материаллар, брошюралар ва китоблар нашр қилинди. Ўзбекистон музей амалиётида илк бор нуфузли халқаро экспертлар жалб этилган ҳолда замонавий кимё-физик лабораторияда барча музей ашёларининг кимёвий таркиби ва яратилганлик вақти аниқланиб, уларнинг технологик паспортлари тайёрланди.
Халқаро ISO стандартлари асосида экспонатлар рақамлаштирилиб, ягона электрон платформага жойлаштирилди. ЮНЕСКО ва ИКОМ талаблари, шунингдек, жаҳоннинг энг машҳур музейлари тажрибаси асосида экспонатларнинг 8 йўналишдаги этикетаж эталонлари ва таснифлари яратилди. Ҳар бир экспонатга QR-кодлар жойлаштирилиши натижасида ташриф буюрувчилар мобил телефон ёки планшет орқали уларнинг видео ва аудио контенти билан дастлаб 3 тилда, кейинчалик эса 8 тилда танишиш имконига эга бўлди.
Бугун мажмуада Британия, Лувр ва Метрополитен музейларидаги каби планшетлар орқали видео ҳамда аудио танишув, аудиогидлар, радиогидлар ва маълумот олиш қулоқчинлардан фойдаланиш йўлга қўйилган.
Чехия Бош вазири Андрей Бабиш жаҳон музейларига тенглаша олувчи ноёб дурдоналарни сақлаётган Ислом цивилизацияси экспонатларини кўздан кечириб, аждодларимизнинг бой меросидан ҳайратга тушди.
Ташриф дастурига мувофиқ, 30 апрель куни Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, кўп қиррали Ўзбекистон – Чехия ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади.
Ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, "яшил" энергетика, кимё, фармацевтика ва транспорт соҳаларида кооперацияни кенгайтириш диққат марказида бўлади. Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Халқаро кун тартибидаги масалалар, шу жумладан, кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг мамлакатимизга расмийташрифи давом этмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА мухбирлари