Жиззах–Пекин: "йўл хариталари" белгилаб олинди
Жиззахда ўтган навбатдаги учрашув оддий мулоқот эмас, балки рақамлар ва аниқ ташаббусларга таянган, манзилли ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берувчи муҳим воқеа сифатида намоён бўлди. Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган нуфузли делегация вакилларини қабул қилиб, қишлоқ хўжалигини инновацион асосда ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Пекиндан ташриф буюрган делегация таркиби мулоқотнинг салмоғини янада оширди. Унда “Beidahuang Rice Industry Group International Rice Industry (Beijing) Co., Ltd” компанияси бош директори Хан Сзун, “Jiangxi Xinzengxin Technology Co., Ltd” директори Шао Юй, Хитой халқаро қишлоқ хўжалиги ассоциацияси раҳбари ўринбосари У Чжентао ҳамда “Beijing Zhongkenlü Grain and Oil Co., Ltd” директори Юй Сзе каби йирик бизнес ва илмий доира вакиллари иштирок этди. Бу эса музокараларнинг шунчаки фикр алмашув эмас, балки амалий натижага йўналтирилганини яққол кўрсатди.

Учрашув давомида Жиззах вилоятининг инвестициявий салоҳияти, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар аниқ далиллар ва рақамлар асосида тақдим этилди. Ҳудуднинг очиқ ва ишончли инвестиция муҳити делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Хитойлик ҳамкорлар томонидан илгари сурилган таклифлар эса ўз мазмун-моҳияти билан Жиззах аграр соҳасини модернизация қилишга қаратилган комплекс дастурни эслатди. Жумладан, илғор уруғчилик тизимини жорий этиш, юқори ҳосилдор картошка навларини етиштириш, чорва ва паррандачиликни саноат асосида ривожлантириш, балиқчиликни интенсив технологиялар билан йўлга қўйиш ҳамда дуккакли экинларни экспортбоп маҳсулотга айлантириш каби аниқ йўналишлар белгилаб олинди.

Бу ташаббуслар шунчаки ният эмас, балки ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган “йўл харитаси” сифатида баҳоланмоқда. Томонлар инвестиция киритиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий ҳамкорликни кучайтириш ва мутахассислар тайёрлаш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқишга келишиб олди.
Мазкур мулоқот мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқ иқтисодиёт сиёсати, ҳудудлар салоҳиятини рўёбга чиқариш ва аграр соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди. Эндиликда гап ташаббусларда эмас, балки уларни жойларда тез ва самарали татбиқ этишда — ана шу жиҳат мазкур учрашувнинг асосий мазмунига айланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири